“Толибон” ўқитувчиларга смартфон ишлатишни тақиқлади

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати олий таълим муассасаларида ўқитувчиларга смартфон ишлатишни ман этди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат олий таълим вазирлиги университет профессорлари ва паст даражадаги маъмурий ходимларга иш вақтида смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаган. Вазирлик ҳужжатларида айтилишича, смартфондан фойдаланиш иш жараёнларини мураккаблаштиради ва ходимларни чалғитади.

Шу сабабли профессор-ўқитувчилар ва маъмурият ходимларига иш вақтида университетга телефон олиб кириши ёки ундан фойдаланиши тақиқланган. Юқори даражали ходимларга смартфондан фойдаланишни аста-секин камайтириш тавсия этилади.

“Толибон”нинг смартфонларни тақиқлаши янгилик эмас. Тахминан бир йил аввал ҳаракат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода гуруҳ уламолар кенгашидан смартфонларни блокировка қилишнинг “диний йўли”ни топишни сўраганди.

Олдинроқ “Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистон университетларига аёллар томонидан ёзилган барча китобларни ўқув дастурларидан чиқариш ҳақида буйруқ берганди. Тақиқ остига жами 680 китобдан 140 таси тушган бўлиб, уларнинг барчаси аёл муаллифлар томонидан ёзилган.

Шунингдек, “Толибон” 18 та университет фанини ҳам ман этган. Расмийлар бу фанлар “шариат тамойиллари ва ҳаракат сиёсатига зид” эканини таъкидламоқда. Тақиқланган фанлар орасида “Гендер ва тараққиёт”, “Аёллар социологияси”, “Мулоқотда аёлларнинг роли” каби йўналишлар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Афғонистонда интернет бутунлай ўчириб қўйилганди. “Толибон” муваққат ҳукуматига кўра, бу чора “ахлоқни сақлаш” сиёсати доирасида амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон тақиқ смартфон ўқитувчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг