Тошкент шаҳар ҳокимига яна бир ўринбосар тайинланди
Жамият
−
27 Апрель 3878 1 дақиқа
Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Давлатёр Худойберганов Бахтиёрович – Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот ўрнида, Давлатёр Худойберганов 1990 йилда Нукус шаҳрида туғилган. 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтининг бакалавриат, 2015 йилда магистратура босқичларини тамомлаган. 2024 йилда Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетини қайта тайёрлаш йўналиши бўйича тугатган. 2025 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясининг магистратура босқичини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2014 йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларни бажариб келган. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Исматиллоевич Дўстмуҳаммедов Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари – Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланганди.