Тошкентдаги иссиқхона, қурилиш ва саноат корхоналари текширилмоқда
Жамият
−
24 Ноябрь 2128 4 дақиқа
Бир неча кундан буён Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлар ҳавосида заҳарли PM2.5 заррачалари сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат ортидан пойтахтдаги иссиқхона, саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотлари фаолияти устидан назорат ўрнатилиб, рейдлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори, география фанлари доктори Дониёр Турғунов маълумот берди.
Унинг билдиришича, ҳаво ифлосланиши кичик градиентли, юқори босимли атмосфера жараёни ҳисобланади. Жараён оқибатида инверсия хоссалари сақланиб қолмоқда. Инверсия ҳодисаси ҳавонинг вертикал ҳаракатини белгилаб беради. Бундай вертикал ҳаракатнинг нотўғри тақсимланиши оқибатида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш турғунлиги маълум даражада сақланиб қолмоқда. Оқибатларни юмшатиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузурида ҳозирда туну-кун 24/7 режимда фаолият олиб борувчи тезкор штаб ташкил этилган. Ушбу штаб тезкор таҳлил ва илмий натижаларга асосланган ҳолда, ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Бу фаолият натижасида жойларда бир қатор амалий ишлар бажарилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўчаларни чангдан тозалаш ва ювиш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳудудига чегарадош бўлган ҳудудларда жойлашган иссиқхона хўжаликлари фаолияти ўрганилган. Атмосферага таъсири юқори бўлган 106 та иссиқхона хўжалиги фаолияти чеклаб қўйилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳам назоратга олинган. Ўрганиш натижаларига кўра, қурилиш қоидаларини бузган ва атмосфера ҳавосига таъсири юқори бўлган 14 та қурилиш жараёнига огоҳлантиришлар берилган ҳамда қурилиш ишларини қандай тартибда давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда жойлашган биринчи ва иккинчи тоифага кирувчи саноат корхоналари фаолияти ҳам таҳлил қилинган. Таҳлил натижасида 305 та саноат корхонасида мавжуд бўлган 883 та чанг-газ тозалаш ускуналарини модернизация қилиш ишлари бошланган.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда тезкор штаб томонидан кўриладиган чоралар муҳокама қилинмоқда, янги дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Дастурлар икки қисмга бўлинган: биринчи қисм – тезкор чоралар, иккинчи қисм – кейинги стратегик чораларни белгилайди. Ушбу дастур ишлаб чиқилишида Экология қўмитаси, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мутахассислар ва олимлар жалб этилган. Яқин кунларда ушбу дастурни тасдиқлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритиш режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ҳаво сифатининг бузилиши бўйича дунёда етакчи шаҳарлар қаторида турибди. Масалан, 11 ноябрь куни Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетганди. 16 ноябрь куни ҳам Тошкент атмосферасидаги майда заррачалар миқдори меъёрдан бир неча баравар ошди. 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.
PM2.5 нима?
PM2.5 бу – ҳавони ифлослантирувчи моддалар бўлиб, таркибига қаттиқ микрозарралар ҳам, энг майда суюқлик томчилари ҳам киради. Уларнинг иккаласи ҳам тахминан 10 нанометрдан 2,5 микрометргача бўлган ўлчамга эга. Йирикроқ зарралардан фарқли ўлароқ, PM2.5 биологик тўсиқлардан осон ўтади ва шу сабабли организм учун катта хавф туғдиради.
2,5 микрометрдан кичик бўлган барча зарра ва томчилар ҳавода муаллақ туради. Улар ўрмонларда ҳам, денгиз бўйида ҳам мавжуд, аммо айнан шаҳарларда хавфли ҳисобланади. Биринчидан, шаҳарда уларнинг миқдори анча кўп бўлади, иккинчидан эса майда дисперс аэрозолнинг кимёвий таркиби табиатдагига қараганда анча хавфли бўлади. Қолаверса, турли шаҳарларда PM2.5 аэрозолининг таркиби ҳам, алоҳида зарраларнинг хусусиятлари ҳам кескин фарқ қилиши мумкин.
Бирламчи PM2.5 – ҳавога “тайёр ҳолатда” чиқариладиган зарралар. Улар тутун, асфальт ва автомобиль шиналарининг майда қисмлари, минерал тузлар (сульфатлар, нитратлар), оғир металл бирикмалари (асосан оксидлар) таркибида пайдо бўлади. Биологик ифлослантирувчилар (баъзи аллергенлар ва микроорганизмлар) ҳам PM2.5 таркибига киради.
Иккинчи даражали PM2.5 – улар атмосферанинг ўзида ҳосил бўлади. Масалан, шаҳар ҳавосига азот ва олтингугурт оксидлари чиқарилади, улар сув билан реакцияга киришиб кислоталарга айланади ва шу кислоталардан қаттиқ туз зарралари (нитратлар, сулфатар) ҳосил бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қурилиш майдонларида баъзи талабларга амал қилиниши кераклигини эслатиб, ушбу талаблардан бўйин товлаган қурилиш ташкилотлари жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь