Трамп қарийб 10 йилдан сўнг илк бор Хитойга боради

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 14 ва 15 май кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашиш учун Хитойга ташриф буюради. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбага таяниб, BBC хабар берди.

Шунингдек, Оқ уй раҳбари ҳам расмий ташриф тўғрисида ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган.

“Тарихий ташриф учун барча тайёргарликлар ўз ниҳоясига етмоқда”, дейди Трамп.

Бироқ у ташрифнинг аниқ санаси ва тафсилотларини очиқламаган.

Кеча, 25 март куни эса Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт журналистлар иштирокидаги матбуот анжуманида учрашув санасини тасдиқлаган. 

“Раис Си ҳозирги таҳликали паллада ушбу учрашувнинг аҳамиятини англаб етганига ишонаман”, дейди у.

Шунга қарамай, расмий Пекин Си Цзиньпиннинг май ойидаги учрашувлари ҳақида ҳали маълумот бермаган.

Бугун, 26 март куни Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Линь Цзянь журналистлар билан учрашувда ҳар иккала томоннинг Президент Трампнинг Хитойга ташрифи борасида мулоқот олиб бораётганлиги ҳамда олий даражадаги музокаралар стратегик йўналтирувчи рол ўйнашини қайд этган.

Маълумот учун, Трамп Хитойга илк ва сўнгги ташрифини ўзининг биринчи президентлик даврида – 2017 йилнинг 8-10 ноябрь кунлари амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, даставвал Трампнинг Хитойга расмий ташрифи жорий йилнинг 31 март санасига режалаштирилган эди. Аммо Исроил ва Қўшма Штатларнинг Эронга ҳужуми фонида сафар бошқа санага кечиктирилди.

Трамп сўнгги маротаба Си Цзиньпин билан 2025 йилнинг 30 октябрида Жанубий Кореянинг Кёнгджу шаҳрида бўлиб ўтган “APEC Summit” доирасида учрашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг