Трамп Россия пулларини Украинадаги лойиҳаларга йўналтирмоқчи – WSJ
Олам
−
11 Декабрь 2801 3 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг маъмурияти сўнгги ҳафталарда европалик амалдорлар билан Украина бўйича тинчлик режасига қўшимча ҳужжатларни қўшишни муҳокама қилмоқда. Уларда ЕИ ҳудудида музлатилган Россия активларини ечиш ва уларни АҚШнинг молиявий ва бошқа компанияларига Украинада лойиҳаларни ривожлантириш учун топшириш таклиф қилинган. Бу ҳақда америкалик ва европалик манбаларига таяниб, кеча, 10 декабрь куни “The Wall Street Journal” хабар берди.
Ҳужжатларга кўра, лойиҳалардан бири Украинада йирик янги дата-марказ қуриш бўлиши керак. У Запорожье АЭСидан энергия билан таъминланади, бу станция ҳозирда россияликлар назоратида.
Трампнинг тинчлик режасига қўшимча қилинган ҳужжатларда “Россия иқтисодиётини инқироздан чиқариш бўйича Американинг умумий қараши” ҳам баён этилган. Унга кўра, АҚШ компаниялари Россия иқтисодиётининг стратегик соҳаларига – камёб металлар конларини ўзлаштириш, Арктикада нефть қазиб олиш қудуқларини бурғилаш каби йўналишларга инвестиция киритиши назарда тутилган. Шунингдек, АҚШ Россияга Европа ва жаҳон энергия бозорларига қайта киришига ёрдам беришга тайёр.
Ҳужжатлар билан танишган европалик амалдорлардан бирининг WSJ'га айтишича, бу режалар унга Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европани таъсир ҳудудларига бўлиб бериш учун тузилган Ялта келишувларини эслатган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 11 декабрь куни WSJ нашрида Вашингтон режалари ҳақидаги мақолага муносабат билдириб, Москва “хорижий инвестициялар оқимига қизиқиш билдиришини” таъкидлади.
“Режаларга келсак, биз қандайдир режалар ёки лойиҳаларни оммавий муҳокама қилиш билан шуғулланмаймиз”, деди Песков.
Шу орада Европанинг ЕИ ҳудудида музлатилган Россия активлари бўйича ўз режалари бор. Ўтган ҳафта Еврoкомиссия Украинага Россия Марказий банкининг музлатилган активлари гарови остида “репарация кредити” бериш таклифини ишлаб чиққан эди. “Financial Times” газетаси маълумотларига кўра, бу мақсад учун келаси икки йилда 90 миллиард евро ажратиш кўзда тутилган. ЕИда музлатилган Россия активларининг умумий қиймати тахминан 210 миллиард евродир. Бунда юридик жиҳатдан бу маблағлар мусодара қилинмайди, аммо Россия уларни фақат Украинага репарация тўлаганидан кейингина қайтариб ола олади. Киев эса Москва томонидан тўланган репарациялар ҳисобига ЕИдан олган кредитини қоплаб боради.
Германия канцлери Фридрих Мерц эса ОАВда муҳокама қилинган Россиянинг музлатилган активларини АҚШга бериш эҳтимолига изоҳ бериб, бу имкониятни рад этди. Унинг таъкидлашича, Украинага қишни енгиб ўтишда ёрдам бериш ва эҳтимол, яқин 2–3 йилда молиявий кўмак кўрсатиш зарур.
“Буни амалга ошириш учун бизга маблағ керак. Бу – Европанинг ички масаласи ва биз фойдаланаётган маблағларни АҚШга ўтказиш иқтисодий жиҳатдан имкониятини кўрмаяпман. Буни америкаликлар ҳам билади”, деди у.
8 декабрь куни Лондонда Украина Президенти Владимир Зеленский, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашувда ҳам Мерц АҚШ таклифларига “шубҳаланиб қараши”ни такрорлади.
WSJ суҳбатдошларининг айтишича, бундай вазият “ақлбовар қилмас шошилинч пойга”ни келтириб чиқаради – Европа ўз режаларини амалга оширгунча, АҚШ ўз келишувларига розилик олишдан олдин уларни ортда қолдиришга ҳаракат қилади.
Live
Барчаси