“Тўқтағул”да сув кам. Энергетика вазири қиш жуда оғир бўлишини айтди

Олам

image

Қирғизистонда 2025-2026 йиллардаги қиш мавсуми жуда оғир ўтади. Бу ҳақда мамлакатнинг Энергетика вазири Таалайбек Ибраев “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг қайд этишича, бунга “Тўқтағул” ГЭСда сувнинг озлиги сабаб бўлмоқда.

“Ўтган йилга нисбатан 1,6 миллиард куб метрга кам сув бор. 2024 йилда 12,4 миллиард куб метр сув бор эди. Жуда хавотирда эдик. Бу йил эса бундан ҳам камроқ. Бу электр энергияси 1,6 миллиард киловаттга кам бўлади, дегани”, дейди Ибраев.

Вазир ҳар бир истеъмолчи қонун-қоидаларга амал қилиши, электр энергиясини тежаши кераклигини таъкидлади.

Таалайбек Ибраевнинг қўшимча қилишича, энергетика инқирозини 2028 йилгача ҳал қилиш режалаштирилган.

Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари Бахит Тўрабоев 2025 йилда электр энергияси истеъмоли 18,9 миллиард киловатт/соатга етиши кутилаётганини маълум қилганди. Йилнинг етти ойида ишлаб чиқариш 9,24 миллиард киловатт-соатни ташкил этди. Иссиқлик мавсумидан ўтиш учун республика Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Россиядан 4,03 миллиард киловатт-соат электр энергияси сотиб олади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли 17,8 миллиард киловатт/соатга етган.

“Тўқтағул” сув омбори ўтган асрнинг 70 йиллари ўрталарида қурилган бўлиб, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда сув истеъмолига таъсир кўрсатмоқда. Сув омборининг лойиҳавий ҳажми 19,5 миллиард куб метрга тенг.

2024 йилда “Тўқтағул” сув омборидаги вазият сўнгги 5 йилдаги энг оғир ҳолатга келиб қолганди. Ўтган йилнинг 2 февраль куни Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида авария юз берганди ва Қирғизистондаги гидроэлектр станциялар юкининг ошишига сабаб бўлганди. Шунингдек, бу мазкур сув омборидан сувнинг чиқиш ҳажмини кескин орттирганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 январь куни Қирғизистон ҳудудида жойлашган “Тўқтағул” сувомборидаги сув ҳажми 11 миллиард 96 миллион куб метрни ташкил қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Тожикистон Ўзбекистон электр энергияси Қирғизистон ГЭС Энергетика вазири қиш мавсуми Таалайбек Ибраев Тўқтағул Бахит Тўрабоев сувомбори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг