Эрдўған хафами ёхуд ТДТнинг Габала саммити нега ими-жимида ўтди

Таҳлил

Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг илк расмий саммити жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида олинган қарорлар ортидан Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи Туркманистонни боши берк кўчага тиққанидан кейин 6-7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида нисбатан ими-жимида ўтказилди. 

Ёдингизда бўлса, Самарқандда ўтган “Марказий Осиё –  Европа Иттифоқи” биринчи саммити якунлари бўйича қабул қилинган декларацияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмасликка келишиб олганди. 

Гап шундаки, биринчи “Марказий Осиё –  Европа Иттифоқи” саммит якунлари бўйича Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.

Унда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлик, минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши тасдиқланган. Ҳужжатда Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатган. 

Ушбу икки резолюция Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллигини тан олмаслик ва ушбу ҳудуд билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бугунгача эса фақатгина Туркия Шимолий Кипр Турк Республикасини дипломатик тан олган ягона давлат сифатида қолмоқда.

Тожикистондан бошқа Марказий Осиё давлатларининг барчаси, аниқроқ айтадиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилотида аъзо ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон (аъзолар), Венгрия ва Туркманистон (кузатувчилар) Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотда кузатувчи сифатида кўриб келади. ШКТР 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтган саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қистови билан ташкилотда кузатувчи мақомини олган ва у билан бир даврада жам бўлади. 

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи билан Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик ва ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмаслик тўғрисидаги ҳужжатни имзолаши Туркияда катта эътирозларга сабаб бўлди. Ҳатто, айрим сиёсатчилар Ҳукуматни бу ҳаракатни тарсаки сифатида қабул қилиб, алоқаларни тўхтатишга чақирди. Эрдўған Ҳукумати эса бу чақириқларни тингламади, аммо муносабатлар қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолди, дейиш қийин. 

Масалан, Шавкат Мирзиёев билан ўтган етти ой давомида 2 марта телефон мулоқотини ўтказган. Ундан бири “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммити олдидан, 30 март куни бўлиб ўтган. Худди шу куни Эрдўған Тўқаев, Жапаров ва Турманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ҳам қўнғироқ қилган. Эрдўғаннинг Мирзиёев, Тўқаев, Бердимуҳамедов билан кейинги телефон суҳбатлари эса уларнинг таваллуд кунлари муносабати билан бўлган. 

Охирги етти ой ичида Эрдўған Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан фақат Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан алоҳида учрашув ўтказди, холос. У ҳам бўлса Тўқаевнинг 20-30 июль кунлари Туркияга амалга оширган ташрифи билан боғлиқ. Ўшанда Эрдўған Тўқаевга катта ҳурмат кўрсатди, унга олий давлат нишонини топширди. 

Бошқа давлатлар раҳбарлари билан эса бугунгача ҳеч қандай иккилик учрашувлар ўтказилмади. Ҳолбуки, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ортидан 20-21 май кунлари Европанинг юраги саналмиш Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити ўтказилди. Ўшанда ҳам Эрдўған бирор давлат раҳбари билан иккилик мулоқот ўтказмади. Ҳолбуки, ўшандан буён 3-4 июль кунлари Хонкендида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити, сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 80-юбилей сессияси бўлиб ўтди. Аммо Эрдўған Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашиб, мулоқот қилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас. 

6-7 октябрь кунлари Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида ҳам Президентларнинг яккама-якка учрашуви бўлмади. Ҳатто, бу сафарги саммит аввалгиларига қараганда анча сокин ўтди. Унда анъанага кўра, юмшоқ кучлар – мамлакатлар биринчи хонимлари иштирок этмади. Ҳолбуки, Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған ўртасида илиқ муносабатлар мавжуд. Улар сўнгги бор БМТ юбилей сессияси доирасида Нью-Йоркда кўришди. 

Туркий давлатлар ташкилотининг Давлат раҳбарлари кенгашининг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев раислигида Габала шаҳрида бўлиб ўтган 12-саммитига келсак, унда аъзо давлатлар раҳбарлари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, кузатувчи давлатлардан Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар иштирок этди. 

Аввалги саммитларнинг норасмий тадбирларида президентларнинг бир-бирини қучоқлаётгани, самимий суҳбатлашаётгани, қўлини маҳкам сиқиб тургани акс этган суратлар тарқаларди. Айниқса, Мирзиёев ва Эрдўған ўртасида. Бу галги саммитда бундай суратларни кўриш мумкин эмас. Албатта, табассум бор, аммо... Фақат бир сурат эътиборни тортади. Бу ҳам бўлса давлат раҳбарлари учун ёзилган дастурхон. Унда Шимолий Кипр Турк республикаси Президенти Эрсин Татар Шавкат Мирзиёевнинг чап томонида, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев эса ўнг томонидан жой олган. Эрдўған эса Виктор Орбан ва Қозоғистон раҳбари билан Мирзиёев, Алиев ва Татар учлигининг қаршисида ўтирибди.

Саммитдаги яна асосий жиҳатга тўхталсак, унда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон Европа Иттифоқи билан келишувида Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик ва у билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмаслик тўғрисида банд мавжуд бўлган ҳужжатни имзолаганига қарамай, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти билан бир даврада тўпланди. Бу Европа Иттифоқи билан ҳужжат имзоланганидан буён учинчи катта йиғин. Эрсин Татар билан фақат Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевгина яккама-якка мулоқот ўтказган. 

Аслида Илҳом Алиевнинг ҳам Эрсин Татар билан яккама-якка учрашувлари силсиласи узоққа бориб тақалмайди. Бугунгача ўтказилган жами 4 учрашувнинг биринчиси бундан икки йил аввали, 2023 йилнинг 14 октябрида ўтган эди. Чунки Озарбайжон Шимолий Кипрни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келадиган Туркия билан қанчалик яқин бўлмасин, Қорабоғ муаммоси ҳал этилиб, Тоғли Қорабоғ давлатини тузиш ва уни дунёда тан олдириш иддаолари йўқ бўлмагунча, Ғарбнинг Озарбайжон Шимолий Кипр билан алоқа қилгудек бўлса, Тоғли Қорабоғни ҳам тан олиб олиш хавфи бартараф бўлмагунча, Алиев Шимолий Кипрдан ўзини узоқ олиб турган. Аммо Марказий Осиё – Европа Иттифоқи ўртасидаги келишувдан кейин шу йилнинг апрель ойида Алиев, Шимолий Кипр Турк Республикасининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлашга ҳисса қўшишини айтиб чиқди. 

“Биз Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши учун фаол кураш олиб бораётган давлатлар қаторидамиз. Шушада бўлиб ўтган норасмий саммитда Президент Эрсин Татар иштирок этди. Бу йиғилишда Шимолий Кипр байроғи ҳилпираб турди. Биз ҳар доим биродарларимизнинг тарафидамиз: уларга ўз давлатини ҳимоя қилишда ёрдам берамиз”, деган Озарбайжон раҳбари.

Шимолий Кипр масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон Европа Иттифоқи билан бирдам қадам ташлаганидан кейин Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгашининг йиғилиши 1-2 май кунлари айнан ШКТРнинг Лефкоша шаҳрида бўлиб ўтди. Кейин 20-21 май кунлари Будапештда ўтказилган давлат раҳбарлари норасмий саммитида ҳам Шимолий Кипр раҳбари қатнашди ва Туркия Президенти яна давлат раҳбарларини ушбу мамлакатни тан олиш, уни ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишга чақирди. 

“Туркий дунёнинг оилавий фотосурати Шимолий Кипр Турк Республикасисиз тўлиқ бўлмаслигига ишонамиз. Шу сабабли, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Академияда кузатувчи мақомини олишига доир бугун саммитимизда қабул қилган қароримизни жуда муҳим қўшимча қадам сифатида кўряпмиз. Умид қиламанки, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга тўлақонли аъзо сифатида қабул қиладиган кунни узоқ бўлмаган келажакда ҳам кўрамиз”, дейди Эрдўған.

Габала саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотдан ҳам Шимолий Кипр Турк Республикаси номи ўрин олди. Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган ҳужжатда Туркий академияда Шимолий Кипр Турк Республикасига Кузатувчи мақоми берилиши қайд этилиб, бу туркий дунёда маданий ва академик ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги қадам сифатида олқишланган. 

Энг аҳамиятли томони, аъзо давлат раҳбарлари Кипр муаммосига оролдаги мавжуд воқеликлардан келиб чиқиб, музокаралар йўли билан, ўзаро мақбул ва амалий ечим топиш зарурлигини урғулаган. Туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган Кипр турк халқи билан тенг ҳуқуқлилиликни таъминлаш истагида бирдам эканликларини билдирганлар. Сизнингча, бу Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида қабул қилинган ҳужжатга зид эмасми? Ё умуман Европа Иттофоқи билан имзолаган қоғозлар Шимолий Кипрга нисбатан адолатга зиддир. Бунда гап бир мамлакатга нисбатан иккилик муносабат хусусида бормоқда. 
Қолаверса, қўшма баёнотда Ғазо, Фаластин ва Сурия ҳақида ҳам сўз борган. Давлат раҳбарлари Ғазодаги оғир гуманитар вазиятнинг ёмонлашувидан чуқур ташвиш билдирган ҳолда, зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз киришига чақирган.

Исроил – Фаластин можаросига адолатли ва доимий ечим топиш ва БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ, 1967 йилги чегараларга асосланган, пойтахти шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлати мавжуд икки давлат ечимини амалга ошириш зарурлигини таъкидланган. 

Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини, шунингдек, мамлакат хавфсизлиги, барқарорлиги ва қайта тикланишини қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаган. Ушбу мамлакатда терроризмнинг барча кўринишларига барҳам беришнинг ҳаётий муҳимлиги қайд этилган.

Сурия масаласида гап кетганда айтиб ўтиш ўринлики, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Габаладаги нутқида аш-Шара бошчилигидаги Суриянинг янги ҳукумати сўнгги 9 ой давомида эришган ютуқлари билан келажакка умид билан қараш имконини берганини урғулаб, Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини сақлаб қолиш асосида унинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик муҳитини яхшилашга эътибор қаратиш, Сурия ҳукумати билан алоқаларни янада кучайтиришга чақирди. 

Қўшма баёнотда Афғонистон масаласи ҳам четда қолмаган. Давлат раҳбарлари Афғонистон барқарорлиги ТДТ аъзоларининг хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим эканлигини таъкидлаб, аъзо давлатларни Афғонистон билан боғлиқ масалалар бўйича, шу жумладан, ТДТ Афғонистон ишчи гуруҳи орқали мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олган.

Қирғизистон Республикасининг давлат чегараси масалаларини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоланган ва 2025 йил 13 мартда куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида имзоланган Давлат чегаралари тўғрисидаги шартноманинг тарихий аҳамиятини таъкидланган. 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган “Уч давлат чегараларининг кесишиш нуқтасини белгилаш тўғрисида”ги шартноманинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти алоҳида урғуланган. 

Ҳужжатни имзолаган давлат раҳбарлари аъзо давлатлар ва кузатувчиларни муштарак манфаат ва ташвишга сабаб бўлган масалалар бўйича ўз позицияларини бирлаштириш ва уларни ягона овоз билан ифодалаш ҳамда глобал қарор қабул қилиш жараёнларида Туркий дунёнинг кўриниши ва таъсирини ошириш мақсадида халқаро платформаларда ҳамкорликни фаоллаштириш ва яқинроқ мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилишга ундаган. Улар Туркий давлатлар Ташқи ишлар вазирларини глобал ва минтақавий ўзгаришларнинг жадал суръатидан келиб чиқиб, кенг қамровли кўп томонлама маслаҳатлашувларга кўмаклашиш мақсадида тез-тез учрашишга таклиф қилган. 

Тегишли органларга томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар бўйича мунтазам равишда сиёсий ва хавфсизлик бўйича маслаҳатлашувларни давом эттириш ҳамда ўзгарувчан геосиёсий ва хавфсизлик муаммолари шароитида умумий стратегик қарашлар орқали биргаликда жавоб чораларини кучайтиришга келишилган. 

Давлат раҳбарлари терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва киберхавфсизликнинг барча кўринишларида юзага келадиган хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга интилишларини яна бир бор тасдиқлаганлар.

Ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликни намоён этиш ва қўшма ташаббусларни илгари сурувчи “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартнома” лойиҳасини тезкорлик билан кўриб чиқиб чиқишга чақирганлар. 

Исломга қарши нафратнинг барча кўринишларига қарши курашиш ва уларга қарши курашиш бўйича халқаро платформаларда саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга содиқлик билдирилган. 

Аслида ими-жимида, аввалги саммитлардан фарқли ўлароқ содда ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 12-саммити ҳақида гапириладиган, муҳокама қилишга арзийдиган масалалар жуда кўп. Ҳар бир давлат раҳбарининг нутқида алоҳида мақсад ва вазифа ётибди. Кимдадир иқтисод устувор, яна кимда мудофаа ва ҳарбий амалиётлар. Айримлар шунчаки тинглаш билан чекланяпти. Аммо қандай бўлишидан ва табассумлар кадрлар илғаб-илғамаслигидан қатъи назар Туркий дунё аллақачон бирлашиб, бир муштга айланиб бўлди. Буёғи ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, тенглик принципларига асосланиш қолди, холос. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Шавкат Мирзиёев Сурия Ўзбекистон Европа Иттифоқи Озарбайжон Илҳом Алиев БМТ Марказий Осиё Туркий давлатлар ташкилоти Саммит ШКТР Антониу Кошта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг