Туркияда яна ўзбек аёли ўлдирилди

Таҳлил

Туркиянинг чекка даласидан яна бир ўзбекистонлик аёлнинг жонсиз жасади топилди. Хабарингиз бор, бу мусофир аёлларнинг биринчи ўлим ҳолати эмас, биргина январь ойида 2 нафар ўзбекистонлик аёл ваҳшийларча ўлдирилганди. Бу сафарги марҳума ҳам айнан январь ойида ўлдириб, жасади кимсасиз даштга ташлаб кетилгани айтилмоқда. 

Жорий йилнинг 2 март куни Туркиянинг Баликесир шаҳрига ишлаш мақсадида борган Дилафруз Чўлиева изсиз ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқалди. 46 ёшли марҳума икки фарзанднинг онаси бўлган. У ишлаш мақсадида Туркияга бориб, Баликесир шаҳрининг Бурҳония туманида кекса ва бемор кишини парвариш қилган. 

Аёл жорий йилнинг 21 январь куни бозорга чиқиш учун рухсат олган ва тўсатдан ғойиб бўлган. Чўлиевадан хабар ололмаган яқинлари бедарак йўқолганлиги ҳақида ариза берган ва воқеа юзасидан Ўзбекистон элчихонаси ҳамда консуллиги хабардор қилинган. 23 январь куни туркиялик иш берувчилари ҳам Дилафруз Чўлиевани қидириб, полицияга хабар берган.

Полиция гуруҳларининг текширувлари натижасида 21 январь куни кўчага чиққан аёлнинг телефони ўчгани, охирги марта яна бир Ўзбекистон фуқароси – Илёс исмли шахснинг ёнига боргани ва шундан сўнг ундан бошқа хабар олинмагани аниқланган. Аёлнинг ўғли онаси қўнғироқларига жавоб бермаганидан хавотирланиб тегишли идораларга мурожаат қилган.

 “Онам 8 ой олдин ишлаш учун Туркияга келган эди. Ҳозир у билан боғлана олмаяпман. 21 январь куни соат 20:00 атрофида Эдремитдан Бурҳонияга қайтган. Телефони ўчиқ, ҳеч қандай из йўқ. Қидирувга бердик, элчихонани хабардор қилдик”, дейди бир ойдан бери онасидан хабар ололмаётган ўғил.
У Истанбулнинг Умрония туманида ўлдирилиб, жасади бўлаклаб ташланган ўзбекистонлик аёллар ҳақидаги хабарларни ўқигач, онасининг бошига ҳам шундай воқеа тушишидан қўрқаётганини айтган.

“Хабарларда, газеталарда кўряпмиз. Истанбулдаги охирги воқеалардан кейин жуда қўрқиб кетдик. Онам қандли диабет билан оғрийди, дориларини вақтида ичмаса, соғлиғи ёмонлашади. Ҳаётидан шубҳа қиляпман. Илтимос, уни топинг”, дейди у.

Шундан сўнг, 2 март куни Ҳавран туман Жандарма қўмондонлигига Баликесир шаҳрининг Ҳавран туманига қарашли Чамдиби маҳалласида бўш ер майдонидан аёл кишининг жасади топилгани ҳақида маълумот келиб тушган. 

Ҳодиса жойида олиб борилган текширувлар натижасида жасад 21 январдан буён Бурҳония туман Қўриқлаш бошқармаси томонидан “бедарак йўқолган шахс” сифатида қидирувда бўлган 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дилафрўз Чўлиевага тегишли экани маълум бўлган. Марҳуманинг жасади суд-тиббий экспертиза ўтказиш учун Бурса Суд-тиббиёт муассасасига юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чўлиеванинг севгилиси экани айтилган 44 ёшли Илёс исмли шахс шунингдек, унинг 3 нафар танишлари қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги сўроқ жараёнларидан сўнг судга чақирилган Илёс ҳибсга олинган. Илёс ўз кўрсатмасида Дилафруз Чўлиева унинг ёнига келганини, сўнгра Истанбулга кетганини айтган. Бироқ қолган уч нафар гумондор суд жараёни давомида қамоққа олинмасдан, шартли равишда қўйиб юборилган.

Ҳозирда тергов жараёнлари давом этмоқда. 

2026 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистонлик 37 яшар аёл Дурдона Ҳакимованинг жонсиз жасади Истанбул шаҳрининг Шишли тумани Куюлубоғ кўчасида чиқинди идишидан топилган эди. Ушбу воқеа жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Унинг қотили ўзбекистонликлар бўлиб чиқди. Бу воқеадан кўп ўтмай айнан Дурдона Ҳакимова ўдирилган уйда Дурдона Ҳакимованинг ўлимидан бир кун аввал унинг дугонаси Истанбулга борганига бор ёғи бир ой бўлган Сайёра Эргашалиева ўлдирилгани ва унинг ҳам жасади бўлакларга бўлиниб чиқинди қутисига ташлаб юборилгани маълум бўлди. 

Унинг жасади топилмаган бўлса-да, Туркия ҳукумати томонидан 26 февраль куни Шишли туманидаги Фуля маҳалласида Сайёра Эргашалиеванинг яқин қариндошлари иштирокида марҳума учун жаноза намози ўқилганди. Аёлнинг отаси Баҳром Бўстонов жиноятни очишда Туркия томонига ишонч билдирганди. Ҳозирга қадар мазкур ҳолат юзасидан қидирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.

 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия жасад ўзбекистонлик аёл Полиция Дурдона Ҳакимова Шишли Сайёра Эргашалиева Дилафрўз Чўлиева бедарак йўқолган шахс Илёс Фуля Баҳром Бўстонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг