ЎФА Каннаварога расмий таклиф билан чиқди – Фабрицио Романо

Спорт

image

Ўзбекистон футбол ассоциацияси италиялик мутахассис Фабио Каннаварога Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлиги бўйича расмий таклиф билан чиқди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Ўзбекистон футбол ассоциацияси Фабио Каннаваро билан расмий алоқага чиқди. Италиялик мураббий, собиқ “Олтин тўп” соҳиби билан музокаралар давом этмоқда”, деб ёзган инсайдер.

Маълумот учун, Фабио Каннаваро футболдаги фаолиятини якунлагач, Яқин Шарқ ва Хитой клубларини бошқарган. 2019 йилда у Хитой терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. 2022 йилдан 2023 йилгача Италиянинг “Беневенто” клуби бош мураббийи бўлиб ишлаган. 2024 йилнинг апрелида у “Удинезе” (Италия) клубини қабул қилиб олган ва бир муддат ишлаган.  Шундан сўнг, Каннаваро Хорватиянинг “Динамо Загреб” клубида ҳам бош мураббий сифатида фаолият юритган. Ҳозирги кунда эса ишсиз.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каннаварога яқин манбаларга таяниб, “Sport-express” италиялик мутахассис ЎФА таклифини рад этгани ҳақида берган эди. Манбага кўра, Каннаваро Италия А сериясидаги амалдаги мураббийлардан бири ишдан бўшатилса, ушбу чемпионат клубларидан бирига ишга киришга умид қилмоқда. 

Қайд этиш жоиз, ЎФА раҳбарияти анчадан бери миллий терма жамоага бош мураббий қидирмоқда. Каннавародан олдинроқ Паулу Бенту, Фотиҳ Терим ва Йоахим Лёв номлари ҳам кўриб чиқилган. Бироқ Йоахим Лёв ва Паулу Бенту Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариш таклифини рад этган.

Ҳозирги кунда МТЖни бошқараётган Тимур Кападзе ҳам CAFA Nations Cup-2025 мусобақаси олдидан матбуот анжуманида ЎФА Жаҳон чемпионатини кўрган, тажрибали мутахассис жамоада иш бошлашини хоҳлаётганини тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Фабио Каннаваро Фабрицио Романо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг