Украина Бош вазири истеъфога чиқди
Олам
−
15 Июль 7699 2 дақиқа
Бугун, 15 июль куни Украина Бош вазири Денис Шмигаль истеъфога чиқди. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг расмий Telegram-каналида маълум қилди.
У ўз қўли билан ёзилган истеъфо аризаси суратини эълон қилди.
“Олдинги сафларда туриб, Украинани ҳимоя қилаётган барча ҳимоячиларимизга миннатдорлик билдираман! Украина Президенти Владимир Зеленскийга билдирган ишончи учун раҳмат! Бутун жамоамизга давлатимиз йўлида тинимсиз ишлагани учун ташаккур”, деб ёзди Шмигаль.
Маълумот учун, Денис Шмигаль 1975 йил 15 октябрда Львов шаҳрида туғилган. У Львов Политехника университетининг “Ишлаб чиқариш соҳасида бошқарув (машинасозлик)” йўналишини тамомлаган ва муҳандис-иқтисодчи мутахассислигига эга. У фан номзоди бўлиб, украин, рус, инглиз ва поляк тилларини билади. Турли йилларда у банкда, автобус заводида, Львов вилояти маъмуриятида ишлаган, шунингдек, депутат ёрдамчиси бўлган.
2014 йилда у парламент сайловларида, кейинроқ эса Львов вилоят кенгашига номзод сифатида қатнашган, аммо иккала сайловда ҳам ғалаба қозона олмаган. 2015-2019 йилларда у хусусий бизнес билан шуғулланган, 2019 йилда Зеленский фармони билан Ивано-Франковск вилояти давлат маъмурияти раиси этиб тайинланган.
Орадан ярим йил ўтиб, 2020 йил 4 февралда Шмигаль бош вазир ўринбосари – жамоалар ва ҳудудлар ривожланиши вазири этиб тайинланган, бир ой ўтиб эса Алексей Гончарук ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Украина ҳукуматини янгиламоқчи эканини айтган эди. Хусусан, Мудофаа вазири Рустам Умаровнинг ўрнига Денис Шмигаль тайинланиши кутилмоқда. Шунингдек, Украина етакчиси биринчи вице-бош вазир – Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкони ҳукумат раҳбари лавозимига номзод сифатида таклиф қилган.
Live
Барчаси