Украина Лукашенкога санкция қўллади
Олам
−
15:16 1380 1 дақиқа
Бугун, 18 февраль куни Украина Беларусь фуқароси Александр Лукашенкога нисбатан шахсий санкциялар жорий этди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, мазкур қарор Беларусь раҳбарияти Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушини қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, Россияга халқаро санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётгани билан изоҳланган.
Зеленскийнинг билдиришича, 2025 йилда Беларусь ҳудудида Россия ҳарбийлари томонидан ҳужум дронларини бошқариш тизимлари жойлаштирилган. Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ Беларусь корхонаси Россия ҳарбий саноати эҳтиёжлари учун маҳсулот ва технологиялар етказиб бермоқда. Шунингдек, Беларусь ҳудудида ўрта масофали “Орешник” ракеталарини жойлаштириш учун инфратузилма тайёрланаётгани маълум қилинган.
Жорий этилган санкциялар Лукашенкога берилган Украина давлат мукофотларини бекор қилишни, унинг активларини музлатишни, савдо-иқтисодий операцияларни тўхтатишни, транзит ва молиявий операцияларга чекловлар қўйишни назарда тутади. Шунингдек, хусусийлаштириш, давлат харидлари, айрим мулк ва корпоратив битимлар ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишларида чекловлар белгиланган. Санкцияларнинг асосий қисми 10 йил муддатга амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ ҳукуматига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам худди Венесуэла Президенти Николас Мадуро каби ҳибсга олиниши кераклигини айтганди.