Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи якунланди
Олам
−
24 Январь 6502 1 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Украинадаги урушни тугатиш бўйича АҚШ томонидан илгари сурилган режа доирасида Украина, Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан тўғри музокараларнинг биринчи босқичи якунланди. Бу ҳақда Украина Президент администрациясига таяниб, Deutsche Welle хабар берди.
Қайд этилишича, Украина делегацияси бош музокарачиси Рустам Умаровнинг айтишича, Абу-Дабида бўлиб ўтган илк учрашувда урушни якунлашга олиб келиши мумкин бўлган “ҳал қилувчи омиллар” муҳокама қилинган. Шунингдек, музокара жараёнининг кейинги босқичлари ва унинг умумий мантиғи юзасидан фикр алмашилган.
Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери уч давлат вакиллари илк бор АҚШнинг тинчлик режаси бўйича маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Қўшимча учрашувлар бугун, 24 январь куни давом эттирилиши режалаштирилган.
Музокаралар арафасида Москва ўзининг асосий талабини яна бир бор такрорлаган. Хусусан, Россия томони Украина Қуролли кучларини бутун Донбасс ҳудудидан, жумладан, илгари Россия назоратида бўлмаган ҳудудлардан ҳам олиб чиқишни талаб қилмоқда. Украина бу талабни қатъиян рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида уч томонлама музокаралар бошлангани ҳақида хабар берилганди.