Украинада урушда қатнашган 50 ёшли “Ўзбек” қамалди

3-саҳифа

image
Россия энди урушга борган мигрантларни депортация қилишни тўхтатмоқчи north_east

Россия энди урушга борган мигрантларни депортация қилишни тўхтатмоқчи

Россиянинг Украинада олиб бораётган урушида қатнашган 50 ёшли Ўзбекистон фуқароси Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг жорий йил 15 октябрдаги ҳукми билан 3 йил 1 ой муддатга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Маълум бўлишича, 1975 йилда туғилган мазкур шахс 2012 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрига бориб, 2013 йилда яшаш хонадонига қайтиб келган. У 2024 йил 10 ноябрь куни яна ишлаш учун Россияга кетади, бу сафар у Иванова шаҳрига бориб, у ердаги “Текстилний ХБК” номли корхонада уста бўлиб ишлаб, 2025 йил 4 апрель куни уйига қайтади. Унинг Ўзбекистонга қайтиб келиши асосий сабаби Россия Федерацияси Қуролли қучлари сафида Украина давлатига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш истаги борлигини оиласига билдириб, улар билан хайрлашиш бўлган. Бироқ уйига келгач, у бу ҳақида оила аъзоларига айтмаган.

Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 10 апрель куни ўзбекистонлик эркак яна Россияга қайтади ва 15 апрель куни моддий бойлик орттириш мақсадида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайди. У Россия Федерацияси Қуролли кучлари таркибида “оддий аскар” ҳарбий унвонини олиб, “ҳайдовчи-чилангар” лавозимида, шартли “Ўзбек” “позывной”и остида хизмат қилишга киришади. Эркак 2025 йил 20 апрель кунидан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги таркибида ҳаракатланган ҳолда, Луганск шаҳрида жойлашган ҳарбий лагерда 2 ҳафта давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, 2025 йил 5 май куни жанговар ҳаракатларда иштирок этишга юборилади.

9 май куни Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш давомида ўзбекистонлик эркак  мина портлаши оқибатида чап оёғидан яраланади. 5 июнь кунига қадар ҳарбий госпиталда даволаниб, 2025 йил 6 июнь куни ҳарбий тиббий комиссия томонидан вақтинча ҳарбий хизматга ёроқсиз, деб топилади ва унга реабилитация учун 2025 йил 7 июнь кунидан 6 июль кунга қадар, яъни 30 сутка таътил берилади.
Таътил давомида, эркак ўз ҳаракатларининг оқибатини англаб, 2025 йил 4 июль куни Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган ва ўз иҳтиёри билан юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. 

Тергов ҳаракатлари давомида, ушбу шахс Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги томонидан Қуролли кучлар сафига ёлланганлиги учун 1 млн рубль (тахминан 151 млн сўм) миқдорда пул маблағини олгани, мазкур маблағнинг бир қисмини ўз эҳтиёжлари учун, қолган қисмини Россия Федерацияси ҳудудида даволаниш учун ишлатгани аниқланган.

Эътиборли томони шундаки, Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси томонидан эълон қилинган Россия-Украина урушида иштирок этган ўзбекистонлик шахслар рўйҳатида 50 ёшли ушбу судланувчининг исм-шарифи ҳам бор.

Суд айбланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (“Ёлланиш”) ва 154-1-моддаси 1-қисми (“Чет давлатнинг ҳарбий, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш тузилмаларига хизматга кириш – ёлланиш”) бўйича айбдор деб топди ва  унга нисбатан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2023 йилда Россия армиясига шартнома асосида ёлланган наманганлик 55 ёшли эркак Р.К. 2 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У Россия Қуролли кучлари сафида “машинист механик” бўлиб, шартли “Дед” “позывной”и остида хизмат қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина уруш Ўзбек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг