Уруш назоратдан чиқиб кетди – Гутерриш
Олам
−
26 Март 3134 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги уруш назоратдан чиқиб кетган. Бу ҳақда кеча, 25 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида журналистлар олдида баёнот берди.
У минтақадаги ва бутун дунёдаги кўплаб вакиллар билан яқин алоқада эканлигини маълум қилган.
“Ҳозирда мулоқот ва тинчликка қаратилган бир қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Улар муваффақият билан якунланиши керак. Мен ҳозигина Жан Арнони можарони ва унинг оқибатларини ҳал қилиш бўйича БМТ саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилиш учун ўзимнинг шахсий вакилим этиб тайинладим. Менинг Қўшма Штатлар ва Исроилга йўллаган мурожаатим шундан иборатки, урушга чек қўйиш вақти келди. Менинг Эронга мурожаатим – қўшниларингизга ҳужум қилишни тўхтатинг”, дейди Гутерриш.
Антониу Гутерриш Ҳормуз бўғозида кемалар қатнови эркинлиги тамойилига риоя қилишга чақирган. Шунингдек, у бўғознинг узоқ вақт ёпилиб қолиши глобал экиш мавсуми бошланган муҳим пайтда нефть, газ ва ўғитлар етказиб беришни фалаж қилиб қўйишини айтган. Инқироз оқибатларини минтақадаги ва унинг ташқарисидаги тинч аҳоли ўз танасида ҳис қилмоқда.
“Мен Ливанга яқинда қилган ташрифим чоғида ушбу оқибатларнинг баъзиларини ўз кўзим билан кўрдим. У ерда ҳам уруш тўхташи керак. “Ҳизбуллоҳ” Исроилга зарба беришни тўхтатиши лозим. Исроил эса Ливанга қарши ҳарбий операцияларни ва тинч аҳоли энг кўп жабр кўраётган зарбаларни тўхтатиши керак”, дейди бош котиб.
Гутерришнинг айтишича, БМТ уруш оқибатларини минималлаштириш учун бор имкониятларни ишга солмоқда, бироқ ҳозирда гуманитар операцияларни ўтказиш қийинлашган.
“Бизга бу ҳалокатдан чиқиш йўли керак. Чиқиш йўли – дипломатияда. Чиқиш йўли – халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилишда. Чиқиш йўли – тинчликда”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антониу Гутерриш Яқин Шарқдаги можароларни тўхтатиш АҚШнинг сиёсий иродасига боғлиқлигини айтган эди.
Live
Барчаси