Ўзбекистон Австралияга янги элчи тайинлади
Жамият
−
29 Ноябрь 1196 2 дақиқа
Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Сингапур шаҳрида) Алишер Қаюмов Австралия генерал-губернатори Саманта Мостинга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, расмий маросим Канберра шаҳрининг “Government House” резиденциясида бўлиб ўтган. Австралия Генерал-губернатори билан суҳбат давомида сўнгги йилларда тобора ривожланиб бораётган Ўзбекистон–Австралия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари батафсил муҳокама қилинган.
Саманта Мостин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва халқаро бизнес учун қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида эришилган натижаларни алоҳида қайд этган.
Австралия ва Ўзбекистон иқтисодиёти ўртасидаги ўхшашликлар, хусусан, пахтачилик ва тoғ-кoн санoати сoҳалари муҳим рoл ўйнаши қайд этилиб, бу иннoвация ва инвестициялар йўналишларида ўзарo ҳамкoрлик учун кенг истиқбoлларни яратиши таъкидланганди.
Шунингдек, Генерал-губернатор яқинда Самарқандда бўлиб ўтган UNESCO бош конференцияси муваффақиятли ўтказилганини таъкидлаб, австралиялик туристлар учун Ўзбекистон тобора жозибадор йўналишга айланаётганини билдирганди.
Суҳбат якунида Саманта Мостин икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига самимий тилакларини етказганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Бангладеш Халқ Республикасидаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширганди.