Ўзбекистон ва Россия ҳарбий соҳада стратегик шериклик режасини имзолади (видео)

Жамият

image

Бугун, 10 май куни Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ва Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов ўзаро учрашув чоғида 2026-2030 йилларда икки давлат ўртасидаги ҳарбий соҳадаги стратегик шериклик дастурини амалга ошириш режасини имзолади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. 

“Музокаралар якунида томонлар Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳарбий соҳадаги Стратегик шериклик дастурини 2026-2030 йилларда амалга ошириш режасини имзолади”, дейилади хабарда.

Белоусов ўз чиқишида Россия Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба учун Ўзбекистон ССР қандай катта қурбонликлар қилганини унутмаслигини таъкидлаган. У, шунингдек, Ўзбекистон фашизмга қарши курашда Совет армиясини орқа фронтдан ва ҳарбий-техник таъминот билан қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаганини эслатган.

Холмуҳаммедов эса Москвадаги ҳарбий парадда қатнашган ўзбекистонлик ҳарбийлар учун ташкил этилган шароитлар учун россиялик мавқедошига миннатдорлик билдирган.

Қайд этиш жоиз, кеча, 9 май куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан катта парад бўлиб ўтди. Ғалаба парадида кўплаб давлатлар қаторида ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳам иштирок этди.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ва икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада 2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик дастури имзоланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Андрей Белоусов Шуҳрат Холмуҳаммедов ҳарбий соҳада стратегик шериклик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг