Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасида меморандум имзоланди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасида миграция жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўз давлатларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда бу борада ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси делегацияси томонидан кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масаласида Туркия Республикасига ишчи ташриф амалга оширилган. Ташрифда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошчилигида мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларидан иборат делегация иштирок этган. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси делегациясини Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қабул қилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида “4+4” механизми доирасида учрашув ўтказилган.

Тадбир кун тартибига мувофиқ икки томонлама муносабатларнинг энг долзарб мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал жараёнлар, шунингдек барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ва Туркия Республикаси Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилган.

Тадбирда томонлар ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалий натижалари ва келгусидаги устувор йўналишлари атрофлича кўриб чиқилган.

Музокаралар давомида томонлар трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор ва самарали ахборот алмашиш, миграция масалалари, илғор тажриба ва замонавий усулларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилган.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кибержиноятчиликка қарши кураш масалалари кенг муҳокама қилинган. Томонлар рақамли хавф-хатарларга қарши самарали чоралар кўриш, кибержиноятларни фош этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, рақамли криминалистика йўналишида махсус ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда бу соҳада мунтазам тажриба алмашиб бориш муҳим эканини таъкидлаган.

Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби халқаро миқёсдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлган.

Айниқса, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Жандармерияси ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бу йўналишда қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий материаллар алмашиш ва илмий-амалий конференциялар ташкил этиш истиқболлари белгиланган.

Учрашув якунида миграция жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўз давлатларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда бу борада ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланган.

Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Туркиянинг ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари муассасалари фаолияти билан батафсил танишган.

Жандармерия Бош қўмондонлигининг Кузатув марказида, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб қайтариш, мониторинг ва бошқарувнинг замонавий тизимлари билан танишилган.

Миллий Полиция академиясида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ташкил этиш, ўқув жараёнларига инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича Туркия тажрибаси атрофлича ўрганилган.

Полиция махсус вазифаларни бажарувчи бош бошқармасига ҳам ташриф уюштирилган. Унда махсус бўлинмаларнинг жисмоний ва тактик тайёргарлиги, замонавий техника ва жиҳозлардан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек махсус операцияларни ўтказиш амалиёти намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарада бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов ва Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Баҳодир Қурбоновдан иборат делегация Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қабулида бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистон меморандум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг