Ўзбекистонда ҳантавирус юқтирганлар борми?
Жамият
−
12 Май 5816 3 дақиқа
Шу кунларда дунёнинг айрим мамлакатларида ҳантавирус инфекцияси тарқалмоқда. Ўзбекистонда мазкур инфекция билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълум қилди.
“Аввало шуни айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳантавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор”, дейди Нурмат Атабеков.
Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бу инфекция коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ҳамда мутахассислар фикрича, глобал пандемияни юзага келтирмайди.
Ҳантавируснинг Ер юзида 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримларигина одамларда хасталик келтириб чиқариши мумкин. Агар ушбу инфекциянинг дунё бўйлаб тарқалиш географиясига эътибор берилса, Осиё ва Европа давлатларида анча кам учрайди. Унинг баъзи турлари, асосан, Аргентина, Чили, Бразилия каби Лотин Америкаси мамлакатларида кузатилади.
Ҳантавирус кўпинча кемирувчилар орасида учрайдиган вирусли хасталик бўлиб, одамларга кам ҳолларда юқади. Инфекция, одатда, бундай жониворларнинг пешоби, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган нарсалар, чанг ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари орқали инсонга ўтиши мумкин. Айрим ҳолларда зарарланган муҳитда узоқ вақт бўлиш ёки кемирувчилар билан яқин ва мунтазам контактда бўлиш ҳам вирус юқиш хавфини оширади.
Мазкур касаллик кўп ҳолларда тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушак ва қорин соҳасида оғриқ каби клиник белгилар билан кечиши мумкин. Унинг оғир шаклида буйрак етишмовчилиги ҳамда юрак-қон томир ва нафас олиш тизими билан боғлиқ хавфли асоратлар кузатилади.
Дунёда ҳантавирусга қарши махсус вакцина ишлаб чиқилмаган. Бунинг учун тегишли даволаш протоколи ҳам мавжуд эмас. Муолажа, асосан, симптоматик, яъни бемордаги белгиларга қараб олиб борилади.
Ўзбекистонда ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан вирусологик мониторинг ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Шундай бўлса-да, ўзбекистонликларга бир нечта профилактик чораларга амал қилиш тавсия этилади. Жумладан, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, яшаш ва иш жойлари озодалигига эътибор қаратиш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз сақлаш, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб ювиш, кемирувчилар чиқиндиларини супуришдан аввал намлаб тозалаш, омборхона ва ёпиқ хоналарни мунтазам шамоллатиш лозим.
Эндемик ҳудудга бориб келганлар бу ҳақда оилавий поликлиникага хабар бериши лозим.
Билдирилишича, бугунги кунда мамлакатда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 53 та чегара пунктида доимий назорат йўлга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳантавирус аниқланиши янги пандемиянинг бошланиши эмаслигини маълум қилганди.
Live
Барчаси