Ўзбекистонда 2030 йилгача мутлақ камбағалликка барҳам бериш имкони бор – Мирзиёев

Жамият

image

2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш бўйича етарли имконият бор. Бу ҳақда бугун, 17 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумида маълум қилди.

Президент жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлаганини таъкидлади.

Билдирилишича, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаш, даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилган. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.

Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий қилинди. Бу ишлар 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.

Лидер тадбиркорлар кўмагида томорқада сердаромад экинларни экиш ва кафолатли сотиб олиш тизими йўлга қўйилди.

“Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти.

2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор”, деди Президент.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наманган камбағаллик Камбағалликдан фаровонлик сари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг