Ўзбекистондаги болалар орасида янгича вирус тарқалдими?

Саломатлик

image

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистондаги болалар орасида Коксаки вируси авж олаётгани ҳақидаги хабарларни асоссиз, деб атади. Отабековнинг бу ҳақдаги сўзларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ўз Telegram-каналида эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда баъзи интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Коксаки вируси тарқалгани ҳақидаги хабарлар асосиз. У вируснинг илк келиб чиқиши ва қандай турлари борлиги ҳақида айтган. 

“Вируснинг бундай номланишининг сабаби – илк бор АҚШнинг Коксаки шаҳрида аниқланган ва у энтеровируслар оиласига мансуб. Унинг 70 дан ортиқ тури бўлиб, асосан, А ҳамда В турлари учрайди. Касаллик кўпинча болаларда учрайди. Аниқроғи, унга мойил аҳоли қатлами 3-10 ёшдаги ўғил-қизлар ҳисобланади. Катталарнинг хасталаниши эса жуда кам кузатиладиган ҳолатдир”, деган Отабеков. 

Қайд этилишича, касаллик болалар орасида кўп тарқалгани учун болаларга хос клиник белгиларни кузатиши мумкин. Яъни касаллик тана ҳароратининг кескин ошиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, уйқусизлик, ҳолсизлик билан бошланиб, 2-4 кундан кейин иситма аста-секин пасая бошлайди. Шунингдек, оддий шамоллаш белгилари, ичакдаги баъзи безовталиклар, жумладан, ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш кабилар кузатилиши мумкин.

Коксаки вирусига учраганида болаларнинг қўл ва оёғининг олд қисми ҳамда оғзининг шиллиқ қаватида турли тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ютинишнинг қийинлашиши, кичик ярачалар пайдо бўлгани учун стоматитга хос томоқда оғриқлар кузатилади. Бу эса иситма кўтарилиши ва иштаҳанинг пасайишига олиб келади. Касаллик, асосан, ёз ойларида болалар очиқ ва умумий чўмилиш сув ҳавзаларидан фойдаланганда ва беморлар билан бевосита мулоқот қилган вақтда юқади. Хасталикнинг яширин даври 2-10 кунгача бўлиб, баъзи ҳолларда 2-5 кун давом этади.

“Мазкур хасталикни келтириб чиқарадиган вирусни дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади”, деган қўмита раисининг ўринбосари. 

Отабековнинг қўшимча қилишича, ҳозиргача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қошидаги ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларида Коксаки вируси аниқлагани йўқ.

“Демак, юртимизда мазкур касалллик кенг миқёсда тарқалди деган фикрга келиш учун асос мавжуд эмас. Муҳими, Коксаки вируси учун махсус даволаш протоколлари мавжуд ва хасталик ҳеч қандай асоратларсиз тўлиқ тузалиб кетади”, деган Отабеков. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини билан боғлиқ ҳолат барқарорлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурмат Отабеков Коксаки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг