Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларга нафақа тайинланади
Жамият
−
15 Август 10105 3 дақиқа
Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликларга икки ҳафта муддатда зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланади. Бу кеча, 14 август куни қабул қилинган Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида белгиланган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган меҳмонларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронликни белгилаш чораларини кўради. Агентлик икки ҳафта муддатда меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланишини таъминлайди.
Шу билан бирга, фармонда ҳар бир меҳнат ёшидаги фаластинлик (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилиши, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилиши, меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланиши, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилиши, меҳмонларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилиши белгиланган.
Шунингдек, Республика комиссияси бир ой муддатда меҳмонлар эҳтиёжлари ва имкониятларини баҳолаш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш бўйича ҳар бир оила учун зарур бўлган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши топширилган.
Фармонда белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади, меҳмонлар билан маҳалла даражасида бевосита ишлар “маҳалла еттилиги” ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ташкил этилади. Меҳмонлар учун ишлаб чиқилган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда уларнинг бўлинмалари учун мажбурий ҳисобланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг хоҳишига кўра уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунарни эгаллашига кўмаклашиш бўйича Республика комиссиясига таклифлар киритиши белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк, АТ “Халқ банки” ва бошқа тижорат банклари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган меҳмонларни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Бизнесга биринчи қадам” ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурлари доирасида тадбиркорликка жалб қилиш чораларини кўриши топширилган. Бунда дастурлар доирасида Ўзбекистонга келтирилган фаластинликлар молиявий кўмаклардан фойдаланиши учун буюртмалар қабул қилиш ва ажратилган маблағлардан фойдаланишни мониторинг қилиш ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирлари томонидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. Шундан сўнг QALAMPIR.UZ бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланганди. У фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли эканини айтганди.
2024 йил 27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь