Винисиус катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин

Спорт

image

“Реал Мадрид” ҳужумчиси Винисиус Жуниор “Эль-Класико”да алмаштирилган пайтда мураббий Хаби Алонсога нисбатан билдирган норозилиги сабабли жиддий интизомий санкцияга дуч келиши мумкин. Футболчининг хатти-ҳаракати 50 минг евродан ортиқ жарима билан жазоланиш эҳтимоли бор. Бу ҳақда “Mundo deportivo” нашри хабар берди.

“Барселона”га қарши ўйиннинг 71-дақиқасида алмаштирилган Винисиус захира ўриндиғига йўл олаётганда норозилик ифодасида кескин имо-ишоралар ва сўзлар ишлатганди. Телекамералар бразилиялик футболчининг “vai tomar no culo” (“сенга лаънат”) деган иборасини қайд этган. У захира ўриндиғига етиб борганида эса “Ҳар доим мен, мен жамоани тарк этаман.  Яхшиси кетаман” деган сўзларни айтгани эшитилган.

Мазкур ҳолат “Реал Мадрид” ички интизомий низоми доирасида жиддий қоидабузарлик сифатида баҳоланиши мумкин. 2015 йилдан бери амалда бўлган клуб шартномасига кўра, “клуб, унинг раҳбарияти ёки мураббийларига нисбатан ҳақоратли ёки ёмон ниятли баёнотлар” оғир интизомий хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Агар клуб футболчининг бу ҳаракатини жиддий деб топса, Винисиус молиявий жаримага тортилиши ёки вақтинча четлатилиши мумкин. Шартномадаги тартиб бўйича, бразилиялик футболчининг ойига 1,25 миллион евро маоши инобатга олинса, жарима суммаси 53 минг евро атрофида бўлиши кутилмоқда.

“Реал Мадрид” раҳбарияти ҳозирча ҳолат юзасидан расмий баёнот бермаган, бироқ Испания спорт нашрлари бу воқеа клуб ичида кенг муҳокама қилинаётганини ҳақида ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Винисиус Жуниор Бразилияда ўзининг 25 ёшини нишонлаш учун Рио-де-Жанейрода уюштирган катта зиёфат чоғида қўшниларининг тинчлигини бузгани сабаб суд қилиниши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

жарима Винисиус Жуниор норозилик “Реал Мадрид”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг