X’нинг Франциядаги офисида тинтув ўтказилди
Олам
−
03 Февраль 1179 2 дақиқа
Францияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғининг мамлакатдаги офисида тинтув ўтказмоқда. Бу ҳақда BFMTV хабар берди.
Манбага кўра, тинтув Париж прокуратураси ҳузуридаги кибержиноятчилик бўлими томонидан Миллий жандармериянинг кибержиноятчилик бўлими ҳамда Европол билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Мазкур тадбирлар 2025 йил январь ойида бошланган тергов доирасида ташкил этилган.
Қайд этилишича, ушбу тергов ижтимоий тармоқлар фаолияти билан боғлиқ эҳтимолий қонунбузарликларни аниқлашга қаратилган.
Маълум қилинишича, Франция прокуратураси X платформасининг амалдаги ва қонуний раҳбари Илон Маск ҳамда компания бош директори Линда Яккарино 2026 йил апрель ойида ихтиёрий сўроқларда иштирок этишга таклиф қилган. Шунингдек, Х’нинг бир қатор ходимлари 2026 йил 20-24 апрель кунлари гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун чақирилади.
Маълумот учун, 2025 йил январь ойида Франция прокуратураси X платформасини хорижий аралашувида алгоритмлардан фойдаланганликда айбланганидан сўнг тергов бошлаган. Айбловлар Франция парламенти аъзоси ва юқори лавозимли амалдор томонидан берилган икки шикоят асосида илгари сурилган. 2025 йил июль ойида иш материаллари Франция полициясига топширилган. Ўша ойда X компанияси расмийлар айбловларини рад этган.
Париж прокуратураси платформанинг тавсия алгоритми, шунингдек, “платформадаги барча фойдаланувчи нашрлари” бўйича маълумотларга киришни талаб қилган.
Шу билан бирга, Илон Маскка тегишли хAI компанияси томонидан яратилган Grok чатботи ҳам Европа Иттифоқи расмийлари эътиборини тортган. Европа Комиссияси ушбу сунъий интеллект воситаси одамларнинг фотосуратларини ўзгартириши, жумладан, эротик дипфейклар яратиши мумкинлиги бўйича тергов бошлаган. “Reuters” хабарига кўра, Grok айрим ҳолатларда X платформасига интеграция қилинган ҳолда фойдаланувчи сўровига биноан ярим яланғоч аёллар ва вояга етмаганларга оид тасвирларни ҳам тақдим этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати Илон Маскка тегишли X ижтимоий тармоғига нисбатан кескин чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль