Янги ўқув йилида контракт нархи ошадими?
Жамият
−
16 Июль 16714 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида контракт нархлари 15 фоизга қимматлаши ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ушбу миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова билан боғланди.
Абдуқундузовага кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосланмаган. Бироқ матбуот котиби ҳозирда вазирлик раҳбариятига контракт миқдорини ошириш бўйича таклиф киритилгани, агар у тасдиқланса, контракт суммаси 10-15 фоизгача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.
“Мазкур масала бўйича барча маълумотлар вазирликнинг расмий ахборот каналлари орқали эълон қилинади”, дейди Назокат Абдуқундузова.
Эслатиб ўтамиз, ўтган (2024-2025) ўқув йилида ҳам тўлов-контракт миқдорлари 15 фоизга оширилган эди.