Япония-Хитой муносабатлари кескинлашди. Токио фуқароларини огоҳлантирди
Олам
−
27 Январь 4317 2 дақиқа
Япония ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яна жиддий тус олди. Япония расмийлари ўз балиқчиларини Хитой даъво қилаётган баҳсли ҳудудлардан узоқроқ юришга чақирмоқда. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни “Reuters” хабар берди.
Нашринг ёзишича, гап Шарқий Хитой денгизидаги Сенкаку (Хитойда Диаою) деб аталадиган ороллар атрофидаги ҳудудлар ҳақида кетмоқда. Ушбу ороллар Япониянинг назоратида бўлса-да, Хитой ҳам уларга даъво қилиб келади. Шу сабабли бу ҳудудлар икки давлат ўртасидаги энг кескин нуқталардан бири ҳисобланади.
76 ёшли япон балиқчиси Хитоши Накама ушбу баҳсли ҳудудларда йиллар давомида балиқ овлаб келган. Унинг айтишича, у тез-тез Хитой қирғоқ қўриқлаш кемалари билан тўқнаш келишга мажбур бўлган. Бироқ ўтган йил охиридан бошлаб Япония расмийлари уни ва бошқа балиқчиларни Пекин билан зиддият кучайиб кетмаслиги учун бу ҳудудлардан четда юришга чақира бошлаган.
Бу ҳолат Токионинг олдинги йиллардаги сиёсатидан кескин фарқ қилади. Авваллари айрим балиқчилар айнан шу сафарлар орқали Япониянинг одам яшамайдиган ороллар ва уларнинг атрофидаги денгизлар устидан назоратини намойиш этиб келган.
Муносабатларнинг ёмонлашувига Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг 2025 йилнинг ноябрь ойида Хитойнинг Тайванга эҳтимолий ҳужуми ҳақида билдирган баёнотлари ҳам сабаб бўлган. Бу фикрлар Пекиннинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Кейинроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Токио расмийларини вазиятни янада кескинлаштирмасликка чақирган.
Расмий манбаларга кўра, балиқчиларга берилаётган огоҳлантиришлар Япония ҳукуматининг ўз ташаббусими ёки АҚШнинг тавсияси билан амалга оширилганми – ҳозирча аниқ эмас. Япония Ташқи ишлар вазирлиги бу масала бўйича изоҳ беришдан бош тортган бўлса-да, ороллар Япониянинг ажралмас ҳудуди эканини ва Хитойга бир неча бор дипломатик норозилик билдирганини маълум қилган.
Мутахассисларнинг фикрича, балиқ овлаш Япониянинг ҳудудий даъвосини мустаҳкамлаши мумкин, бироқ бу Хитой қирғоқ қўриқлаш кемалари билан жиддий тўқнашувларга олиб келиш хавфини ҳам оширади. Шу билан бирга, айримлар Токионинг чекиниши Хитойни ўз даъволарини янада фаол илгари суришга ундаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса айрим япон миллатчилари баҳсли ҳудудларга атайлаб “провокация мақсадида” балиқ овлаш баҳонаси билан кириб бораётганини таъкидлаб, денгиздаги муаммолар фақат мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилиниши кераклигини билдирган. Шу тариқа, Сенкаку ороллари атрофидаги вазият Япония ва Хитой ўртасидаги муносабатларда яна бир бор кескинлашувга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой фуқароларини Япониянинг энг узун давлат таътили – Янги йил байрами вақтида ушбу мамлакатга сафар қилмасликка чақирганди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль