Япония ОФКни тарк этиши мумкин
Спорт
−
18 Октябрь 2025 19522 2 дақиқа
Япония футбол ассоциацияси (JFA) Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)дан чиқиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда. Япония ўзи мустақил Шарқий Осиё футбол федерациясини тузиш ниятида. Бу ҳақда “Japan football news” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Япониянинг бундай кескин ҳаракатига ОФКнинг сўнгги йилларда араб мамлакатлари манфаатлари учун кўп қарорлар чиқараётгани сабаб бўлгани ва коррупция ҳолатлари келтирилмоқда. Шу боис, Япония янги Шарқий Осиё футбол федерациясини (East Asian Football Federation) ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.
Ҳозирча JFA бу масалада расмий баёнот бермаган, бироқ ички муҳокамалар давом этаётгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, янги федерацияга Жанубий Корея, Хитой, Австралия, Сингапур, Вьетнам, Таиланд ва Индонезия каби мамлакатлар ҳам қизиқиш билдиргани айтилади. Ҳатто Ироқ ҳам Япония ташаббуси билан тузилаётган янги конфедерация сафига қўшилиши мумкинлиги маълум қилинган.
Маълумот учун, ОФК Жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги босқичи доирасидаги учрашувларни Қатар ва Саудия Арабистонида марказлашган тарзда ташкил этди. Якунда эса айнан ушбу икки мезбон мамлакат Қатар ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари мундиал йўлланмасини қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор Бразилия терма жамоасини мағлубиятга учратган эди.
Live
Барчаси