Япония Ўзбекистонни бошқа давлатларга қарши гиж-гижлайдими?

Олам

image

Япония Марказий Осиёга нисбатан ҳеч қандай босим ўтказмайди ва бу минтақада ҳеч қандай ҳарбий манфаатни кўзламаган. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Иваянинг Матбуот котиби Китамура Тошихиро Тошкентда тор доирада ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. 

26-27 август кунлари Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая Ўзбекистонга ташрифни амалга оширди. У Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди, мавқедоши Бахтиёр Саидов билан учрашув ўтказди. Келгусида режаланган тадбирлар, хусусан 5+1 форматидаги Марказий Осиё – Япония саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар билан 5+1 форматида иштирокчи. Масалан, Марказий Осиё – АҚШ, Марказий Осиё – Япония, Марказий Осиё – Хитой, Марказий Осиё – Европа Иттифоқи формати. Аммо ушбу форматлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун оғир дилеммаларни юзага келтираётгани ҳам бор гап. Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган. Ушбу банд эса Туркий давлатлар ташкилотида аъзо ва кузатувчи мақомига эга бўлган Марказий Осиёнинг 4 давлати: Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон учун сиёсий муаммоларни келтириб чиқарди. Боиси, иштирокчи давлатлар саммит якунида қабул қилинган ҳужжат билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқликни яна бир бор тасдиқлаган. Ушбу икки резолюция эса Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллигини тан олмаслик ва ушбу ҳудуд билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бироқ, ШКТР 2022 йилнинг ноябридан Туркий давлатлар ташкилоти ва 2023 йилнинг ноябридан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга ва ҳар икки мақом унга Ўзбекистонда ўтказилган саммитларда тақдим этилган. ШКТРни тан олмаслик ва у билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмаслик мажбуриятини олган давлат раҳбарлари эса тан олинмаган ШТКР раҳбари билан энг камида йилда икки марта ушбу ташкилотлар саммитларида учрашишга ва бир стол атрофида ўтиришга, қолаверса, ҳужжатларни биргаликда имзолашга мажбур. 

Хўш, Япония ҳам Ўзбекистон билан мулоқотни кенгайтириш, Марказий Осиё минтақаси билан 5-1 форматида алоқаларни ривожлантириш орқали уларга Япония ташқи сиёсатини сингдиришга, ушбу 5 мамлакат олдига иқтисодий ҳамкорлик ниқоби билан ўз талабларини қўйишга уринадими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ мухбири Япониядан келган дипломатга юзланди. 

“Дипломат сифатида бошқа давлатларнинг ташқи алоқалар, айниқса, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар масаласида ҳеч нима деёлмайман. Ҳеч бир ташкилот ёки давлат 5+1 саммитларини рақобат сифатида қабул қилмаслиги керак. Япония биринчи бўлиб 5+1 саммитини ўртага қўйган. Бизнинг саммитдан асосий мақсадимиз минтақа давлатлари билан ўзаро алоқаларни кучайтириш. Биз ҳеч қачон Ўзбекистонни Япония танлаган ташқи сиёсат йўлидан боришга мажбурламоқчи эмасмиз. Биз ўз позициямизни фақатгина юмшоқ йўл билан билдирамиз ва уни бошқаларга сингдиришга интилмаймиз. Ҳеч қачон иккала томонга зарар берадиган масалаларни ўртага қўймаймиз. Айтишим керакки, Япония ҳали ҳам иқтисодий томондан суперкучга эга мамлакат ҳисобланади. Бизни Ўзбекистонга фақат иқтисодий масалалар етаклаб келди, бошқа йирик давлатларга нисбатан суперкуч мақоми эмас. Бизни иқтисодий ҳамкор сифатида қабул қилишингизни хоҳлардик. Бизнинг бу минтақада ҳеч қандай ҳарбий манфаатларимиз йўқ ва бу масалалар биз учун долзарб эмас. Асосий мақсадимиз Япония компанияларининг минтақадаги манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган”, дейди Китамура Тошихиро.

Эслатиб ўтамиз, Япония ташқи идораси вакили Япония Россияни босқинчи давлат деб билишда давом этиши, бироқ Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг Москва билан илиқ муносабатлари Токио билан алоқаларига таъсир ўтказимаслигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Япония ШКТР Такеши Ивая

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг