Европада чивинлар орқали касалликлар тарқалмоқда
Олам
−
24 Август 3580 2 дақиқа
2025 йилнинг ёз ойи охирларида Европада чивинлар орқали юқадиган касалликлар сони рекорд даражага етиши мумкин. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, энг катта хавотир уйғотаётган инфекциялар – Ғарбий Нил вируси ва чикунгунья бўлиб қолмоқда.
Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, қитъада чивинлар мавсуми тобора чўзилиб, фаолроқ бўлиб бормоқда. Бунга ўртача йиллик ҳароратнинг ортиши, қиш ойларининг юмшаши ва ёғингарчилик режимидаги ўзгаришлар сабаб бўлмоқда. Бу омиллар чивинлар кўпайиши ва улар тарқатадиган инфекциялар кенгайиши учун қулай шароит яратмоқда.
“Европа янги босқичга кирди. Энди чивинлар орқали юқадиган касалликларнинг узоқроқ, кенгроқ ва кучлироқ тарқалиши ҳақиқатга айланмоқда”, дейилади хабарда.
2025 йилда Европада чикунгуньянинг 27 та ўчоғи аниқланган – бу қитъа учун рекорд кўрсаткич саналади.
Бундан ташқари, 335 та Ғарбий Нил вируси ҳолати қайд этилган – сўнгги уч йилдаги энг юқори даража.
ECDC прогнозига кўра, яқин ҳафталарда касалликлар сони яна ортади, чунки вирусларнинг энг фаол даври одатда июлдан сентябргача давом этади.
Чикунгуньяни асосан Aedes albopictus (осиёлик “йўлбарс чивини”) тарқатади. Ҳозирда у 16 та Европа давлати ва 369 та ҳудудда аниқланган. Ўн йил аввал эса бор-йўғи 114 ҳудудда қайд этилган эди.
Ғарбий Нил вируси эса ҳар йили янги жойларда учраяпти. 2025 йилда Руминияда ва Италия провинцияларида ҳам аниқланганди. Бу жойларда камида 10 киши инфекция оқибатида вафот этган.
Маълумот учун, Ғарбий Нил вируси кўпчиликда белгиларсиз ўтади, аммо айрим ҳолларда энцефалит ёки менингит каби оғир асоратлар келтириб чиқариши мумкин.
Чикунгунья эса иситма, бош оғриғи, кўнгил айниши, тошма, мушак оғриғи ва оғир бўғим оғриқлари билан намоён бўлади.
Ҳозирда бу икки касаллик учун аниқ даво йўқ. Европа Иттифоқида чикунгуньяга қарши икки вакцина тасдиқланган, аммо Ғарбий Нил вирусига қарши самарали вакцина ҳануз ишлаб чиқилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ҳукумати Ҳинд океанидаги денгизорти ҳудудида жойлашган Реюньон оролида чикунгунья вируси билан касалланишнинг ўсиши қайд этилгани сабаб фавқулодда режимни фаоллаштирганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь