Жапаровнинг Конституцияга зид таклифи: 17 ёшли қиз билан боғлиқ воқеадан сўнг Президент Қирғизистонда ўлим жазосини тикламоқчи
Таҳлил
−
04 Октябрь 5559 6 дақиқа
Бундан бир ҳафта олдин, 27 сентябрда иссиқкўллик 17 ёшли Ойсулув Мукашева дуч келган фожиа бутун Қирғизистонни ларзага солди. Гап шундаки, эндигина 11 синфга қадам қўйган бу қиз ўғирлаб кетилиб, жинсий зўравонликка учраган ва кейин ваҳшийларча ўлдирилиб, далага ташлаб кетилган.
Маълумотларга кўра, ўша куни тушдан кейин Ойсулув Қоракўл шаҳридаги дугонасиникига боришини айтиб, Барскаун қишлоғидаги уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. У тушиб қолган кузатув камераси ёзувларида қизнинг йўл ёқасида юриб кетаётгани акс этган. Кейинчалик унинг жасади узоқ дара яқинидаги Жал-Ариқ ҳудудидан топилиб, қизнинг зўрлангани ва ўлдирилгани аниқланган. Ҳозирда эса кузатув камерасида муҳрланган кадрларга асосланиб, Ойсулувнинг йўлдан ўтган машинага ўтириб кетгани тахмин қилинмоқда ва 41 ёшли ҳайдовчи гумонланувчи тариқасида қўлга олинган.
Қирғиз ОАВларининг ёзишича, жиноят 27 сентябрь куни Жениш қишлоғида жойлашган “Азамат” пляжи ҳудудидаги олма боғида соат 13:00 лар атрофида содир этилган. Ойсулув 30 сентябрь куни ўз қишлоғида дафн этилди. Мазкур воқеа инсонлар қалбини жунбишга келтирди, ижтимоий тармоқлар турли мунозараларга тўлиб-тошди. Энг шов-шувлиси Президент Садир Жапаровнинг муносабати бўлди. У мамлакатда болалар ва аёлларга нисбатан содир этилган оғир жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилди.
“Давлат раҳбари жамоатчиликни ларзага солган ушбу жиноят ҳақидаги хабарни чуқур таассуф билан қабул қилди. Шу билан бирга, Президент Администрацияси Ҳуқуқий таъминот бўлими мудири Мурод Укушевга қонун ҳужжатларига болалар ва аёлларга нисбатан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш устида иш олиб боришни топширди. Хусусан, аёллар ва ёш болаларни ўлдиришда айбдор деб топилганларга ўлим жазосини қўллаш учун қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш устида иш олиб боришни топширди”, деган Президент матбуот котиби Аскат Алагозов.
Жапаровнинг таклифини кутилмаган ва янги, деб бўлмайди. Масалан, 2022 йилда ҳам вояга етмаганларга қарши зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётгани фонида қирғизистонлик баъзи депутатлар бундай жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаларини илгари сурган, ҳатто референдум ўтказиш масаласи ҳам кўтарилган. Бироқ айрим эксперт ва депутатлар бу ташаббусга қарши чиққан. Улар Қирғизистон суд тизимининг адолатсиз ва номустақил эканини қайд этиб, бегуноҳ одамлар ўлдириб юборилиши мумкинлигини таъкидлаган. Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов ҳам қонун лойиҳасига қарши чиқиб,
“Ҳукумат бундай ҳиссий ташаббуслардан Конституцияни қатъий ҳимоя қилади”, деган эди.
Эътиборли томони шундаки, Жапаров қайтармоқчи бўлган ўлим жазоси мамлакат Конституциясида ҳам мутлақо тақиқланган.
Қирғизистонда ўлим жазосининг амалда ва расмий бекор қилиниши
Қирғизистонда ўлим жазоси охирги марта 1998 йилда ижро этилган. 1991 йилдан 1998 йилгача бўлган даврда ушбу ҳукм отув йўли билан амалга оширилган. Жиноят кодексига кўра, ижро ошкора амалга оширилмаган. Қатл ижро этилгачгина марҳумнинг қариндошларига хабар қилинган, лекин жасад қайтариб берилмаган ва дафн жойи сир сақланган.
Амалда мавжуд бўлмаса-да, 2005 йилгача Жиноят кодексида қуйидаги жиноятлар учун ўлим жазоси белгилаб қўйилган эди:
• Оғирлаштирувчи ҳолатлар билан содир этилган қотиллик;
• Вояга етмаган қизни жинсий зўрлаш;
• Геноцид.
18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ҳамда 60 ёш ва ундан ошган фуқароларга нисбатан бундай жазо қўлланиши тақиқланган эди. Шунингдек, руҳий касаллик ёки бошқа руҳий бузилишларга учраган шахслар ҳам ўлим жазосидан омонда қолган.
2007 йил 25 июнда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Қурманбек Бакиев Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритувчи қонунни имзолади. Унга кўра, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Шу тариқа, мамлакатда энг оғир жазо чораси сифатида умрбод қамоқ жорий этилди. 2010 йилда Қирғизистон “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт”нинг иккинчи ихтиёрий протоколини ратификация қилиб, ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш мажбуриятини олган.
Ўлим жазоси мавжуд бўлган даврда ҳам, бекор қилинган даврда ҳам суд тизими эътирозлар остида қолмоқда. Қирғизистон қонунчилигига кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилинади. Аммо амалиётда мамлакат суд тизими доимий равишда ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинади. Масалан, Penal Reform International халқаро нодавлат ташкилоти тақдим этган “Марказий Осиёда ўлим жазосининг бекор қилиниши” ҳисоботида шундай дейилади:
“Минтақа давлатларидаги суд тизими совет давридан қолган бўлиб, прокуратура органлари номутаносиб ваколатларга эгалик қилади. Шунингдек, судгача терговлар ҳам асосан айбни исботлашга қаратилади, айбсизликни кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тўплаш эса эътибордан четда қолдирилади. Чунки судья, прокурор ва терговчилар оқлов ҳукми чиқариш орқали жамият олдида коррупцияга қўл ургандек кўринишдан хавотирланади. Бунинг оқибатида, оқлов кўрсаткичлари ниҳоятда паст ва айбсиз деб топилганлар жуда кам”.
Бундан ташқари, ҳисоботда давлат томонидан тайинланадиган адвокатларга жуда кам ҳақ тўланиши ва улар мижозни ҳимоя қилиш билан эмас, аксинча, терговчилар қўйган айловни исботлаш билан шуғулланиши таъкидланган. Қолаверса, тергов жараёнида содир этиладиган қийноқ амалиёти ҳам танқид қилинган.
Жазонинг қаттиқлиги эмас, муқаррарлиги муҳим
Инсон ҳаётига нуқта қўйиш ваколати ҳақида гап борар экан, ҳар бир жиҳат аниқликка муҳтож. QALAMPIR.UZ боғланган инсон ҳуқуқлари фаоли Озод Жўрабоевнинг фикрича, ўлим жазосини тиклаш масаласи гуманизм тамойиллари, халқаро меъёрлар ва жиноятчиликка қарши курашнинг амалий самарадорлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши зарур. У адолатга эришишнинг энг тўғри йўли жазони ўта қаттиқлаштириш эмас, балки унинг муқаррарлигини таъминлаш эканини айтади.
Ҳуқуқ фаолига кўра, ўлим жазосини тиклаш қуйидаги фундаментал сабабларга асосан номақбул ҳисобланади:
1. Фундаментал ҳуқуқ ва тузатиб бўлмас хато хавфи. Ўлим қайтариб бўлмайдиган жазо чорасидир. Қанчалик мукаммал бўлмасин, суд тизимида хато эҳтимоли доим мавжуд.
2. Ўлим жазоси самарали тўсиқ эмас. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, жазонинг қаттиқлиги унинг самарадорлигига бевосита таъсир қилмайди. Масалан, Ҳиндистонда 12 ёшгача бўлган қизларни зўрлаш каби жинсий жиноятлар учун ўлим жазоси жорий қилинган бўлса ҳам мамлакатда бу турдаги жиноятлар сони юқори кўрсаткичларда қолмоқда.
“Жапаровнинг таклифи Мукашеванинг ўлими туфайли юзага келган ижтимоий ғазабга сиёсий жавобдир. Бироқ, давлатлар популизмга эмас, балки принципиализмга ва тизимли мустаҳкамликка асосланиши керак. Ўлим жазосини тиклаш бу олдинга эмас, балки ўтмишга чекинишдир”, дейди ҳуқуқ фаоли.
Live
Барчаси