Жозе Моуринью 25 йилдан сўнг яна “Бенфика”да!
Спорт
−
19 Сентябрь 2201 2 дақиқа
Португалиялик мутахассис Жозе Моуриньюни Бруну Лажининг ўрнига расман “Бенфика” жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Орадан қарийб 25 йил ўтиб, португалиялик мутахассис яна “Эштадиу да Луш”га қайтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
62 ёшли мураббий Чемпионлар лигасида “Қорабоғ”дан мағлубиятга учраганидан сўнг истеъфога чиқарилган Бруну Лажи ўрнини эгаллади. Моуринью охирги бор Туркиянинг “Фенербаҳче” клубини бошқарган эди. У “Бенфика” билан 2026-2027 йилги мавсум охиригача мўлжалланган шартнома имзолади, томонлар исталган пайт уни бекор қилиш ҳуқуқига эга.
“Бенфика” жамоаси янги бош мураббийни таништириш мақсадида Жозе Моуринью иштирокида тақдимот маросими ташкил этди.
“Менинг ваъдам шуки, мен “Бенфика” учун яшайман, мухлислар учун ишлайман. Бу дунёнинг энг йирик клубларидан бири ва мен катта масъулиятни ҳис қиляпман. Мусобақаларда ғолиб чиқишни истайман”, дейди Моуринью тақдимот маросимида.
Моуриньюнинг янги жамоаси билан дебюти Португалия чемпионатининг 6-турида АВС САД жамоасига қарши учрашувда бўлади. Ҳозирча “Бенфика” 10 очко билан тўртинчи ўринда, пешқадам “Порту”дан 5 очкога ортда бормоқда, бироқ битта захира ўйини бор. Қизиқ жиҳати шундаки, Моуриньюнинг Чемпионлар Лигасидаги илк синови “Челси”клубига қарши “Стэмфорд Бридж”да бўлиб ўтади. Моуринью айнан “Челси” жамоаси бошқарувида бутун дунёга машҳур бўлганди.
Маълумот учун, Моуринью 2000 йилда илк бор “Бенфика”ни бошқарган, ўшанда атиги 11 ўйинда жамоани майдонга бошлаб чиққан (6 ғалаба, 3 дуранг, 2 мағлубият). Ўша даврдаги энг муҳим ютуғи дербидаги “Спортинг” устидан қозонилган йирик ғалаба эди. Шундан бери у “Порту”, “Челси”, “Интер”, “Реал Мадрид”, “Манчестер Юнайтед”, “Тоттенҳем”, “Рома” ва “Фенербаҳче” жамоаларини бошқарди. Моуринью фаолияти давомида Англия Премьер-лигаси, Ла Лига ва Португалия чемпионатида, шунингдек, икки марта Чемпионлар лигасида, Европа лигаси ҳамда Конференция лигасида ғолиб чиққан, футбол тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуринью айнан “Бенфика” жамоасига қарши UEFA Чемпионлар Лигаси саралаш босқичидаги мағлубиятдан сўнг “Фенербаҳче” бош мураббийлигидан озод қилинганди.
Live
Барчаси