Афғонистонликлар Ўзбекистонга жиҳод қилишга чақирилди (видео)

Олам

image

Толибонпараст мулла Шерали Ҳамад Афғонистон пойтахти Қобулнинг Гулдара ҳудудида бўлиб ўтган дафн маросимида одамларни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга жиҳод қилишга чақирди. Ушбу чақириқ илова қилинган видео “Afghanistan International” томонидан эълон қилинди.

Шерали Ҳамад бу баёнотларни Аюб (лақаби Зокир) исмли одамнинг жаноза маросимидаги нутқида билдирган. Марҳум сўнгги кунларда Кунар чегара ҳудудларида Покистон хавфсизлик кучлари билан “Толибон” ҳаракати ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлган. Мулла Покистонга ҳам таҳдид қилиб, “Ислом байроғи Исломободда кўтарилмагунча тинчланмаслигини”, айтган.

Шерали Ҳамад ўзининг кескин нутқида Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон сиёсий тузумларини “парламентар ва кофир”, деб атаган. У бу давлатларни ағдаришни ва уларда исломий тузум барпо этиш учун жиҳод қилишни зарур, деб ҳисоблаган.

Бу баёнотлар “Толибон” бир неча бор Афғонистондаги уларнинг бошқаруви минтақа ва дунё учун таҳдид эмаслигини таъкидлаб келаётган, минтақа давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашни даъво қилаётган шундай бир пайтда янграмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон эса бир неча бор Афғонистонда қуролли гуруҳларнинг мавжудлиги ва фаолияти борасида хавотир билдирган.

QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг таҳририят журналистига маълум қилишича, бу масала юзасидан ишлар олиб борилмоқда, натижаси бўйича қўшимча хабар берилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ўзбек миллатига мансуб бўлган UranusTV журналисти Назира Рашидийни ҳибсга олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Ўзбекистон жиҳод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг