Сержио Гор АҚШ-Ўзбекистон кенгашига раҳбарлик қилади

Жамият

image

АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор янги ташкил этилган АҚШ-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ҳамраиси бўлиб фаолият юритади. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

Унда айтилишича, бу Марказий Осиёда “Америка биринчи” иқтисодий дастурини илгари суриш ҳамда америкалик ишчилар, инноваторлар ва бизнес учун янги имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадамдир. Элчи Гор Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева билан биргаликда ушбу кенгашда АҚШ иштирокини бошқариб боради.

“Унинг фаолияти Президент Трампнинг Американинг иқтисодий етакчилигини мустаҳкамлаш, АҚШ компаниялари учун имкониятларни кенгайтириш ва хориждаги ҳамкорлик Америка халқига ҳақиқий фойда келтиришини таъминлашга бўлган интилишини акс эттиради”, дейилади элчихона хабарида.

Қайд этилишича, кенгаш АҚШ ва Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, АҚШ технологиялари ва истеъдодлари учун юқори ривожланаётган соҳаларни, айниқса IT ва рақамли инновацияларни йўлга қўйиш ва АҚШ экспортчилари учун тенг рақобат муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

“Президент Мирзиёевнинг 4-6 ноябрь кунлари бўлиб ўтган “С5+1” саммити доирасида Вашингтонга ташрифи АҚШ-Ўзбекистон ўзаро муносабатларида кучли динамикани намойиш этди. Янги ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ушбу муваффақиятни мустаҳкамлаган ҳолда, стратегик иқтисодий ҳамкорлик орқали Американинг янада кучли, хавфсиз ва фаровон ўсишини таъминлашга ёрдам беради”, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Сержио Гор жорий йилнинг 25 октябрь куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан Ўзбекистонга келганди. 26 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамроҳлик қилган.

27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Сержио Гор билан учрашди. Мирзиёеванинг ёзишича, АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда кейинги 8 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддати ва жадал суръатини қайд этган.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев махсус вакил Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув сўнггида Гор Ўзбекистон етакчисига Трамп номидан юборилган бир қатор совғаларни топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сержио Гор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг