Ангренда зўравонликка учраган қиз Тошкентдаги шифохонага жойлаштирилди (видео)
3-саҳифа
−
25 Июль 34852 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 нафар йигит томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳозирда жабрланувчи қиз Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчирилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, агентлик ташаббуси билан Ангрен шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва васийлик органлари вакиллари иштирокида жойига чиққан ҳолда ҳар томонлама ўрганиш ишлари амалга оширилган. Қизнинг оила аъзолари, шифокорлар ва психологлар билан учрашувлар ўтказилган ҳамда вазиятга комплекс баҳолаш берилган.
“Боланинг ҳолати ва мутахассислар тавсияларини инобатга олган ҳолда, Агентлик ташаббуси билан Й.С. Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчирилди. Унинг даволаш режасини аниқлаш мақсадида етакчи мутахассислардан иборат шифокорлар консилиуми ташкил этилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тиббий ёрдам билан бирга, қизнинг руҳий ҳолатига етарли эътибор қаратилиб, ижтимоий хизматларнинг малакали мутахассислари иштирокида психологик кўмак кўрсатилмоқда.
“Агентлик бола ва унинг оиласига тўлиқ тикланиш жараёнида тўлиқ ҳамроҳликни таъминламоқда.
Агентлик кўмагида мазкур иш юзасидан тергов жараёни Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Барча зарур процессуал ҳаракатлар давом этмоқда. Асосий мақсад – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва айбдорларни қонуний жавобгарликка тортиш”, дейилади агентлик хабарида.
Маълумот учун, 2025 йил 15 майдан кучга кирган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва амалга ошириш учун ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ҳолат юзасидан жорий йилнинг 9 апрель куни Ангрен шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам кеча, 24 июль куни Ангренга бориб, жабрланган қиз билан боғлиқ вазиятни ўрганди.
Live
Барчаси