Асосий амбицияларимдан бири – Осиё кубогини ютиш – Каннаваро
Спорт
−
12 Май 1513 3 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун жорий Жаҳон чемпионати тажриба майдони бўлса, жамоа Осиё кубогида учун курашади. Бу ҳақда бугун, 12 май куни миллий терма жамоа бош мураббий Фабио Каннаваро Миллий футбол марказида ташкил қилинган матбуот анжуманида сўз очди.
“Ўртоқлик учрашувлари учун имкон қадар кучли ва рақобатбардош рақибларни танлашга ҳаракат қилдик. Бунда мураббийлар штаби билан мунтазам мулоқот олиб бориб, мавжуд маълумотлар ва таҳлиллар асосида биз учун энг фойдали бўладиган терма жамоаларни саралаб чиқдик”, дейди мураббий.
Унинг билдиришича, Канада – мусобақа мезбони сифатида юқори даражадаги футбол муҳити ва ажойиб атмосфера яратиши шубҳасиз. Бу эса футболчилар учун муҳим тажриба бўлади. Нидерландия эса Европанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ўйин услуби ва тактик ёндашуви маълум жиҳатлари билан Португалия терма жамоасига ўхшаш.
“ЎФАнинг халқаро федерациялар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлиги бизга ана шундай кучли рақибларга қарши ўйин ташкил этишда катта ёрдам берди. Ишонаманки, ушбу учрашувлар орқали жамоамиз ўзи учун муҳим хулосаларга эга бўлади, футболчиларимиз эса юқори савиядаги учрашувларда тажриба олишда давом этишади”, дейди Каннаваро.
Бош мураббийнинг айтишича, у жамоа сафига чақирилган футболчиларни танлашда ўзи муносиб деб ҳисоблаган номзодларга таяниб иш юритган.
“Масалан, Жалолиддин Машарипов катта тажрибага эга. Агар у оптимал спорт формасига чиқса, Жаҳон чемпионатида жамоага катта фойда келтириши мумкин. Аббос Файзуллаев куни кеча гол урди. Шунингдек, у меҳнаткашлиги ва жанговар характери билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродов ҳозир яхши ҳолатда. Баъзи футболчиларимиз жароҳат ёки ўйин амалиёти етишмаслиги сабаб оптимал формада эмас, аммо ҳали вақт бор ва улар тез орада тикланишига ишонамиз”, дейди Фабио Каннаваро.
Унинг билдиришича, энг муҳими – бу жамоа учун илк жаҳон чемпионати. Шунинг учун футболчиларга ортиқча босим эмас, аксинча, ўйиндан завқ олиш руҳини бериш керак.
“Мен жамоамизнинг бор кучи билан халқимиз учун муносиб иштирок этишига ишонаман”, дейди бош мураббий.
Каннаварога кўра, жорий йил январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё кубогидаги гуруҳ жуда қизиқарли ва кучли рақиблардан иборат. Ҳар бир ўйин жамоа учун жиддий синов бўлиб, максимал эътибор ва тайёргарликни талаб қилади.
“Менинг асосий амбицияларимдан бири – Осиё кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати эса биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё кубогида эса натижа учун курашамиз”, дейди Фабио Каннаваро.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиал олдидан жорий йилнинг 1 июнь куни Канада ва 8 июнь куни Нидерландияга қарши ўртоқлик ўйинларини бошлайди. Жаҳон чемпионати эса 18 июнь куни Колумбияга қарши ўйин билан бошланади.
Live
Барчаси