Россиядаги концертга ОМОНни жалб қилиш мутлақо ортиқча – Бобур Бекмуродов
Жамият
−
27 Сентябрь 8378 3 дақиқа
Аввалроқ, Россиянинг Красноярск ўлкаси Емельяновский туманида ОМОН ходимлари “Корона” банкет залида уюштирилган ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертига бостириб кириб, мигрантларни тинтув қилгани ҳақида хабар берилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов бундай ҳолатларда ОМОН каби махсус кучларни жалб қилиш мутлақо ортиқча эканини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
Депутат Красноярскда концерт пайтида куч тузилмалари рейди ўтказилгани жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлаётганини қайд этган. Унинг таъкидлашича, маданий тадбирлар, аввало, дўстлик ва мулоқот макони. У ерда қўрқитиш эмас, ҳурмат принципи устувор бўлиши керак.
“Меҳнаткашларимиз маҳаллий қонунчиликка риоя қилиши зарур, лекин бундай ҳолатларда ОМОН каби махсус кучларни жалб қилиш мутлақо ортиқча. ОМОН – оммавий тартибсизлик ва хавфли вазиятларга қарши курашувчи куч тузилмаси. Концертда эса бу каби таҳдид йўқ эди”, дея ёзган у.
Бекмуродовнинг ёзишича, айнан шунинг учун, бундай кўламдаги “тадбирлар” қонун устуворлигини таъминлашдан кўра, руҳий босим сифатида қабул қилинмоқда.
“Россиялик ҳамкасбларимиз Иттифоқчи мамлакат фуқароларига бундай амалиётдан воз кечиш чорасини кўришлари зарур”, дейди депутат.
Маълумот учун, Красноярск ўлкасидаги ушбу концерт жорий йилнинг 22 сентябрь куни ўтказилган. Текширув давомида Ўзбекистоннинг 8 фуқароси Россияда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган. Ушланган ўзбекистонликларнинг 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Мазкур фуқаролар ушбу бинода ўзбек эстрада хонандаси Жалолиддин Аҳмадалиев концерт бергани учун борган. Концерт Россиянинг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўраётганини маълум қилганди.
Бош консулхонага кўра, илгари Новосибирск шаҳрида ўтказилган худди шундай концерт шаҳар расмий ҳокимияти билан олдиндан келишилган, тўла залда ўтган ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шу билан бирга, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим. Мазкур Россия минтақаси куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатлар Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилган. Ўзбекистон Миграция агентлиги эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутат Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда СССР байроқларини кўтариб чиқиш – амалдаги конституциявий тузумга зид бўлган, ёт коммунистик ғояларни ёқлаш сифатида қабул қилиниши лозимлигини айтганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь