Боғчалардаги заҳарланиш ортидан шифохонада қолаётган болалар сони айтилди (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ва ушбу иш ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ҳозирда шифохонада қолаётган болалар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, бугун, 29 сентябрь соат 12:00 ҳолатида Тошкент вилоятидаги шифохоналарда даволанаётган болалар сони 38 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор, касаллик енгил шаклда кечмоқда. Оғир ёки асоратли ҳолатлар қайд этилмаган. Барча тарбияланувчилар шифокорларнинг доимий назоратида. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Даволаш жараёни республика миқёсидаги етакчи мутахассислар иштирокида ташкил этилган.

“Ота-оналарга болалар саломатлиги тўғрисида ахборот бериб борилмоқда. Яқин кунларда қолган болаларга ҳам уйларига жавоб берилиши кутилмоқда. Вазият тўлиқ барқарор. Соғайиш жараёни ижобий динамика билан давом этяпти. Давлат органлари ва тиббиёт муассасалари ушбу ҳолатни доимий назоратда ушлаб турибди”, дейди Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур иш ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Олдинроқ, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилганди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти заҳарланиш Боғча

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг