Эрондан 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинди
Жамият
−
21 Июнь 2436 1 дақиқа
Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли Эрондан 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмаларига мувофиқ, мамлакатнинг Теҳрон ва Ашхободдаги дипломатик ваколатхоналарида кеча-ю кундуз ишлайдиган тезкор штаблар тузилган. Тезкор штаб Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини Туркманистон орқали ватанига қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ўзбекистонликларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича доимий алоқа ва мувофиқлаштирув ишларини олиб боряпти. Ашхободдаги элчихона эса Туркманистон расмийлари билан ҳамкорликда фуқароларини чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда ватанига қайтариш жараёнини самарали ташкил этмоқда.
Бугунги кунга қадар Эрондан Туркманистон орқали жами 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилинганини билдирган эди. Кейинроқ, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати Яқин Шарқдаги кескинлашиб бораётган вазият фонида 109 нафар фуқаросини Эрон ҳудудидан зудлик билан эвакуация қилгани ҳақида хабар берди.
Live
Барчаси