Тожикистонда энди фолбин ва сеҳргарга борганлар қаттиқроқ жазоланади

Олам

image

Тожикистон ҳукумати мамлакат парламентига фолбинлар, сеҳргарлар ва жодугарларнинг хизматидан фойдаланиш, уларнинг олдига боришни тақиқлаш ва жарима жорий қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.

Ҳукумат Тожикистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 482-моддасига “Сеҳргар, фолбин ёки жодугарнинг хизматидан фойдаланиш” бандини қўшишни таклиф этмоқда.

Мазкур ўзгаришларга кўра, сеҳргар, фолбин ёки жодугарга мурожаат қилган шахслар БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади (яъни 40–80 доллар).

Қайд этилишича, ўтган йил давомида Тожикистон ҳукумати эзотерик амалиётлар билан шуғулланувчилар устидан назоратни кучайтирган. Ўтган йилнинг ёзида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбин ва сеҳргарлар олдига борган фуқароларни ҳокимият органларига чақиришини, уларнинг исми ва суратларини махсус маълумотлар базасига киритишини эълон қилган эди. Вазирлик буни фолбин ва сеҳргарлардан одамларни “қутқариш” ва охир-оқибат уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсади билан изоҳлаган. Қанча одам фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилгани ҳамда ҳокимиятга чақирилгани номаълум.

2024 йилда ҳам фол очиш ва сеҳргарлик билан шуғулланиш учун жазо кучайтирилган эди. Парламент Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 482-моддаси 2-қисмига ўзгартириш киритиб, аҳолига қўлланадиган жаримани 80-100 бараваргача оширди ва 10 кундан 15 кунгача маъмурий қамоқ жазосини қўшди. Аввал бу моддада фақат 60-100 баравар жарима белгиланган эди.

Бундан ташқари, Тожикистон Жиноят кодексининг 240-моддасига ҳам тузатиш киритилган. Унга кўра, агар шахс маъмурий жазо олганидан кейин бир йил ичида яна фолбинлик ёки сеҳргарлик билан шуғулланса, унга баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 1500–2000 баравари (таҳминан 12-16 минг доллар) миқдорида жарима ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Аввал эса бу қилмиш учун фақат маъмурий жазо кўзда тутилган эди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Тожикистонда 495 та фол очиш ва сеҳргарлик ҳолати аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланган 1500 киши қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон фолбин сеҳргар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг