Футбол ўйинида 14 ёшли ўсмир ҳалок бўлди
Спорт
−
20 Июнь 2598 2 дақиқа
Аргентинада футбол ўйини вақтида 14 ёшли футболчи кўкрагига тўп тегиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Need To Know” нашри хабар берди.
Манбага кўра, фожиа жорий йилнинг 16 июнь куни Сантьяго-дель-Эстеро провинциясининг Ла Банда шаҳрида ҳаваскорлар ўртасидаги учрашув давомида содир бўлган. Маҳаллий “Атлетико Сармьенто” ёшлар жамоаси шарафини ҳимоя қилган Бенжамин Валентин Донофрионинг кўкрагига тўп қаттиқ зарба билан теккан.
Ҳодисадан сўнг ўсмир дарҳол майсага йиқилган, аммо бир неча сониядан кейин ўрнидан туришга муваффақ бўлган. Бироқ бир неча қадам юргач, яна мувозанатини йўқотиб, ерга қулаган. Шундан кейин унда талваса кузатилган ва атрофдагилар зудлик билан тез ёрдам чақирган.
Донофрио яқин атрофдаги тиббиёт муассасасига олиб кетилаётганда юраги тўхтаб қолган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Нашр маълумотига кўра, ўлимга юрак чайқалиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу кўкрак қафасининг чап қисмига кучли зарба тегиши оқибатида юрак ритми кескин бузилиб кетадиган ноёб, аммо ўта хавфли ҳолат ҳисобланади. Бундай синдром кўпинча спортчилар орасида учрайди.
“Чуқур қайғу билан ёшлар жамоамиз футболчиси Валентин Донофрионинг вафот этганини маълум қиламиз. Ушбу оғир кунларда унинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдирамиз. Унинг клубимиздаги фаолияти хотирамизда абадий сақланиб қолади”, дейилади клуб баёнотида.
Ҳозирда прокуратура ўсмирнинг ўлимига бошқа соғлиқ муаммолари ҳам таъсир кўрсатган-кўрсатмаганини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Габон миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Иронду Муссаву-Кинг ўз уйида ўлик ҳолда топилган эди.
Live
Барчаси