Ғарб Фаластинни тан оладими?

Таҳлил

Сентябрнинг илк ҳафтаси ҳам ўтиб боряпти. Бу ойда бизни муҳим янгиликлар кутмоқда. Ҳар ҳолда кимлардан қўйилган дедлайннинг тугаши, яна кимларнингдир ваъдаси бажарилиши анан шу ойда амалга ошиши керак. Гап Фаластин ва уни тан олиш ҳақида кетмоқда.

Европанинг катта давлатлари яқин ҳафталарда, аниқроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида мустақил Фаластин давлатини тан олишга ваъда қилган. БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси 2025 йил 9 сентябрда очилади. Юқори даражадаги умумий мунозаралар 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади ва 2025 йил 29 сентябрда якунланади.

Хўш, ваъдалар бажарилиб, ушбу йирик тадбирда Фаластин давлат сифатида тан олинса, бу Фаластин халқи ва Исроил учун нима дегани? Келинг, бугун шу мавзуни чуқурроқ кўриб чиқамиз.

Фаластин давлатчилигининг ҳозирги мақоми

Фаластин Озодлик Ташкилоти 1988 йилда мустақил Фаластин давлатини эълон қилган, кўплаб Глобал Жануб давлатлари тез орада уни тан олган. Бугунги кунда БМТнинг 193 аъзосидан 147 таси Фаластин давлатини тан олган, энг сўнггиси — Мексика, 2025 йил январь ойида.

Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ эса анъанавий равишда Фаластин давлатини тан олиш нияти борлигини билдирган, лекин бу фақат Исроил ва фаластинликлар орасидаги ўзаро келишилган “икки давлатли ечим” доирасида бўлиши кераклигини таъкидлаб келган. Шу вақтгача Европанинг етакчи давлатлари ҳам шу позицияда эди. Бироқ Исроил ва Фаластин 2014 йилдан бери бундай музокаралар ўтказмаган.

Фаластинни расман ифодаловчи делегация БМТда доимий кузатувчи мақомига эга, лекин овоз бериш ҳуқуқи йўқ. Қанча давлат Фаластинни тан олмасин, БМТда тўлиқ аъзо бўлиши учун Хавфсизлик Кенгашининг маъқуллови керак бўлади, бу ерда эса Вашингтоннинг вето ҳуқуқи бор.

Дунё бўйлаб Фаластиннинг дипломатик ваколатхоналари, шу жумладан, БМТдаги миссияси ҳам, халқаро ҳамжамият тан олган Фаластин Маъмурияти назоратида. Президент Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги Фаластин Маъмурияти Исроил билан тузилган келишувлар асосида босиб олинган Ғарбий соҳилнинг айрим ҳудудларида чекланган ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга. У фаластин паспортларини бериб, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини бошқаради. Ғазо сектори эса 2007 йилдан бери ҲАМАС қўлида, у ерда Аббоснинг “Фатҳ” ҳаракати ҳайдалган. 

Кимлар Фаластинни тан олишни ваъда қилмоқда ва нега?

Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия ва Бельгия шу ой охиридаги БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олишини айтди. Бироқ Лондон бу қарорни Исроил Ғазо гуманитар инқирозини енгиллатиш ва тинчлик жараёнига содиқ қолишига қараб кечиктириши мумкинлигини билдирди.

Мазкур давлатлар бу қадам билан Исроилга босим ўтказишни, Ғазога ҳужумни тўхтатишни, Ғарбий соҳилда яҳудийлар қўрғонлари қурилишини чеклашни ва фаластинликлар билан тинчлик жараёнини қайта йўлга қўйишни мақсад қилмоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон тан олиш ташаббусини илгари сурган илк Ғарб раҳбари бўлди. Унинг айтишича, бу қадам Фаластин Маъмурияти томонидан ислоҳотлар ўтказиш ва уларнинг бошқарувини мустаҳкамлаш билан ҳамоҳанг бўлади, бу эса Ғазонинг урушдан кейинги бошқарувида Фаластин Маъмуриятини ишончлироқ ҳамкорга айлантиради.

Тан олиш амалда нима берди?

Фаластинни тан олган, лекин урушда катта таъсир кучига эга бўлмаган Хитой, Ҳиндистон, Россия ва кўплаб араб давлатлар мисолида айримлар буни асосан рамзий қадам деб ҳисоблайди. БМТда тўлиқ аъзолик ёки чегараларни назорат қилиш имкониятисиз Фаластин Маъмуриятининг икки томонлама муносабатлардаги имкониятлари чекланган. Фаластин ҳудудида расмий элчихоналар йўқ, мамлакатлар эркин дипломат юборолмайди. Исроил савдо, сармоя, таълим ва маданий алоқаларга киришни чеклайди. Фаластинда аэропортлар йўқ. Ғарбий соҳилга фақат Исроил ёки Исроил назоратидаги Иордания чегараси орқали кириш мумкин. Ғазога кириш ҳам тўлиқ Исроил назоратида.

Шунга қарамай, Фаластин Маъмурияти ва тан олишни режалаштираётган давлатлар бу фақат рамзий эмас, балки амалий аҳамиятга эга бўлишини таъкидлайди. Фаластиннинг Британиядаги элчиси Ҳусам Зомлотнинг айтишича, тан олиш стратегик ҳамкорликка олиб келиши мумкин:

“Биз тенг даражада турамиз.

Ўтмишдаги хатоларга ечим топиш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланамиз”, дейди у.

Буюк Британиянинг Қуддусдаги собиқ консули Винсент Феаннинг айтишича, Фаластинни тан олиш мамлакатларни Исроил билан муносабатларининг баъзи жиҳатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин. Масалан, Британия ишғол қилинган ҳудудлардаги исроилликларнинг манзилгоҳларидан бораётган маҳсулотларни тақиқлаши мумкин. Аммо у шуни ҳам таъкидладики, бу маҳсулотлар Исроил иқтисодиётининг умумий ҳажмида катта аҳамиятга эга эмас, шунга кўра, бундай қадам ҳам рамзий кўринишга эга бўлади.

Исроил ва АҚШ қандай реакция қилди?

Ғазодаги қатлиом туфайли глобал танқидларга дуч келаётган Исроил табиийки Фаластинни тан олиш ташаббусларига қаттиқ қаршилик билдирди. Унинг айтишича, бу ҲАМАСни рағбатлантирар экан.

Ўн йиллар давомида Исроил Фаластин мустақиллиги билан якунланадиган тинчлик жараёнига расман содиқ бўлиб келган бўлса, ҳозир Исроил ўз тарихидаги энг ўнгчи ҳукумат томонидан бошқарилмоқда. Унга кирган айрим партиялар Фаластин ҳеч қачон давлатга эга бўлмаслиги учун ҳаракат қилишини очиқ айтмоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроил ҳам ҳеч қачон Ғазо ва Ғарбий соҳилда хавфсизлик назоратидан воз кечмаслигини таъкидлади.

Етмаганига, Исроил Фаластин давлатини тан олишга тайёрланаётган бир қатор Ғарбдаги иттифоқчиларига қарши дипломатик ҳужумлар сериясини бошлади. Нетаньяху Франция ва Австралия раҳбарларига мактуб йўллади, уларни Фаластин давлатини тан олиш қарори билан антисемитизмни кучайтирганликда айблади. Ҳар икки мактубда ҳам у сўнгги ойларда содир бўлган антисемитик ва Исроилга қарши воқеаларни тилга олди ва уларни ҳукуматларнинг Ғазо уруши ва Фаластин давлатчилиги масаласидаги позициялари билан боғлади.

Мактубга Елисей саройи кескин жавоб қайтарди. Француз Президенти маъмуриятининг таъкидлашича, Макрон мактуб ҳақида дастлаб оммавий ахборот воситалари орқали хабар топган, фақат шундан кейин уни расмий дипломатик каналлар орқали олган.

Елисей саройи баёнотида шундай дейилди: “Франция яҳудий динига эътиқод қилувчи фуқароларини ҳимоя қилган ва доим ҳимоя қилади. Ҳозирги давр жиддийлик ва масъулият талаб этади, чалғитиш ва манипуляция эмас”.

Бундай келишмовчиликлар Нетаньяху билан унинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасида тобора чуқурлашиб бораётган ажралиб чиқишнинг белгиси бўлди — уларнинг кўпчилиги Исроилнинг Ғазодаги урушига тобора танқидий муносабат билдирмоқда. Бу уруш бутун ҳудудни вайрон қилди ва гуманитар инқирозни янада оғирлаштирди. Ўтган ҳафта Янги Зеландия Бош вазири Кристофер Лаксон Нетаньяху ҳақида гапирар экан: “У ақлдан озган”, деди. Дания Бош вазири Метте Фредериксен эса “Jyllands-Posten” газетасига: “Нетаньяхунинг ўзи алоҳида муаммога айланган”ини билдирди.

Нетаньяху Австралия Бош вазири Энтони Албанезени ҳам қаттиқ танқид қилди ва уни “кучсиз сиёсатчи” деб атади.  Ҳа, ўша “кучсиз” шахс бошчилигидаги ҳукумат июнь ойида Исроилнинг ўнгчи вазирлари Бецалель Смотрич ва Итамар Бен-Гвирга санкциялар жорий қилган эди. Кейинчалик Австралия Ички ишлар вазири Тони Бёрк Исроилнинг яна бир ўнгчи сиёсатчиси Симха Ротманга мамлакатга кириш визасини рад этди. Бунга жавобан эса Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Фаластин Маъмуриятидаги Австралия вакилларининг яшаш визаларини бекор қилди ва Канберрадаги Исроил элчихонасига Австралиянинг ҳар бир расмий виза сўровини синчковлик билан текширишни буюрди.

Нетаньяху томонидан “кучсиз” айблови қўйилган Албанезе вазиятга изоҳ берар экан,  айбловларни шахсий қабул қилмаслигини, бошқа давлат раҳбарларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва улар билан дипломатик тилда мулоқот қилишини” айтди. Австралия Ички ишлар вазири Бёрк эса Нетаньяхуга: “Куч дегани қанча одамни портлатиш ёки қанча болани оч қолдириш билан ўлчанмаслиги”ни эслатди.

Ғарб давлатларининг Фаластин давлатини тан олишига қарши жавоб сифатида Исроил Ғарбий соҳилнинг айрим қисмларини аннексия қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.  Исроил расмийлари айтишича, Нетаньяху Ғарбий соҳилнинг айрим қисмларини аннексия қилиш ҳақида дастлабки муҳокама ўтказган, аммо хавфсизлик кабинети масалани ҳали батафсил кўриб чиқмаган ва ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

Исроил Ғарбий соҳилни 1967 йилги урушда Иорданиядан тортиб олган ва шу вақтдан кейин халқаро ҳуқуққа зид равишда у ерда яҳудий манзилгоҳлари барпо эта бошлаган. Фаластинликлар эса Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторида келгусида ўз давлатини қуришни хоҳлайди. Буни халқаро ҳамжамиятнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлайди.

Исроил амалдорлари маълум қилишича, Нетаньяху турли сценарийларни кўриб чиқмоқда: фақат айрим қишлоқларни аннексия қилишдан тортиб, бутун Ғарбий соҳилнинг 60% ни ташкил қиладиган “С зонаси”ни аннексия қилишгача.

1990 йиллардаги Осло келишувлари асосида Ғарбий соҳил уч қисмга — А, B ва Cга бўлинган. “С зонаси” тўлиқ Исроилнинг маъмурий ва хавфсизлик назорати остида.

Исроилнинг Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ўтган ҳафтада АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда аннексия режалари ҳақида ахборот бергани айтилди. Аммо бошқа манбаларга кўра, бу режаларга Вашингтон ҳали “яшил чироқ” ёқмаган.

Асосий вариантлардан бири — Иордания водийсини аннексия қилиш. Бу Ғарбий соҳилнинг шарқий чети бўлиб, Иордан дарёсини қамраб олади. Айни ғоя Исроил жамоатчилигида кенг қўллаб-қувватланмоқда, чунки уни “хавфсизлик периметри” сифатида кўрсатиш халқаро ҳамжамият ва энг муҳими, Вашингтон учун мақбулроқ кўринади.

Бироқ Нетаньяхунинг ўта ўнгчи ҳамкорлари — Смотрич, Итамар Бен Гвир ва манзилгоҳлар етакчилари — қисман аннексияга қарши. Улар бутун Ғарбий соҳилдаги, фаластинликлар яшамайдиган ерларни Исроил суверенитетига қўшиш тарафдори. Бу эса Фаластин шаҳар ва қишлоқларни қуршаб олиб, мустақил Фаластин давлатини йўққа чиқаради.

Агар Исроил фаластинликлар яшайдиган ҳудудларни ҳам ўз ҳудуди сифатида қўшса, унга бу 3 миллионга яқин фаластинликка фуқаролик ёки резидентлик бериш мажбуриятини юклаши мумкин.

Ҳар қандай аннексия эса БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бир неча резолюцияларини бузади ва катта дипломатик инқирозга олиб келади. 2016 йилдаги 2334-сонли резолюция яҳудий қишлоқларини “очиқдан-очиқ халқаро ҳуқуқ бузилиши” ва “ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас” деб эълон қилган.

Бир исроиллик амалдорга кўра, Нетаньяху босқичли аннексия вариантларини кўриб чиқмоқда. Масалан, дастлаб айрим ҳудудлардан бошлаб, кейинроқ кенгайтириш. Бу эса Исроилга Саудия билан нормализация эвазига тўлиқ аннексиядан қайтиш имконини бериши мумкин.

2020 йилда ҳам Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилишни жиддий ўйлаб кўрган, аммо ўшанда Иброҳим келишувлари доирасида бу режадан воз кечган. Ўшанда Исроил БАА, Баҳрайн ва Марокаш билан муносабатларни нормаллаштирган. Саудия Арабистони эса нормализацияга фақат Исроил Фаластин давлатчилиги йўлида аниқ қадам ташлагандагина рози бўлишини билдирган.

Аннексиядан ташқари, Исроил Фаластин давлатчилигини тан олиш жараёнига жавоб сифатида бошқа жазо чораларини ҳам кўриб чиқмоқда. Масалан, Фаластин маъмуриятига санкциялар жорий этиш.

Бу борада унга АҚШ ҳам қўшилди. Вашингтон Фаластин маъмурияти амалдорларига виза бермасликка қарор қилди. АҚШнинг виза рад жавоби Исроил билан келишилган ҳолда ва Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг Нью-Йоркка БМТ Бош Ассамблеясига боришига тўсқинлик қилиш мақсадида қилинган.

Президент Дональд Трамп даврида Вашингтон Исроилга деярли сўзсиз қўллаб-қувватлов кўрсатмоқда. Аммо ҳатто унинг энг яқин иттифоқчилари ҳам Нетаньяху ҳукуматининг Ғазодаги урушдаги хатти-ҳаракатлари юзасидан хавотир билдирмоқда.

Шу билан бирга, Трампнинг ўзи ҳам шундай деди:

“Исроил пиар урушини бой бермоқда. Улар урушни тугатишлари керак. Уруш Исроилга зарар етказмоқда. Улар фронтда ғолиб бўлиши мумкин, аммо жамоатчилик олдидаги урушда йўқ. Бу уларга қаттиқ таъсир қиляпти.”


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Франция Европа Буюк Британия Дональд Трамп Қуддус Австралия БМТ Янги Зеландия Эммануэль Макрон Фаластин Исроил Канада Бельгия Маҳмуд Аббос Иордания Вашингтон ҲАМАС Биньямин Нетаньяху Дания Газо Кристофер Лаксон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг