Кескин ортаётган ОИВ/ОИТС, ойликдан кўп ошаётган нарх-наво, кредитдан кредитгача яшаётган ўзбек, ваъдасини унутган Қўчқоров, Чорвоқни эгаллаётган Агаларовлар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистонда СПИД, яъни ОИВ ва ОИТС инфекциясига чалинганлар ортди. 2023 йил ёзида беморлар 48 минг нафарни ташкил этган бўлса, икки йил ўтиб рақамлар 3 мингдан кўпга ошди. Саида Мирзиёева раҳбарлигидаги Президент Администрациси янги таркибида бу ҳафтанинг ўзида 22 та ўзгариш бўлди, аммо амалга келганларнинг аксарияти Администрация учун бегона эмас. Миллиардер сулола Агаларовларнинг эътирозларга сабаб бўлаётган Чорвоқдаги лойиҳаси барибир қуриладиганга ўхшайди. Ўзбекистонликларнинг ойлиги ошди, лекин нарх-наво ундан ҳам ошди. Шу ва бошқа муҳим воқеалар таҳлили билан Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сони.

Ўзбекистонда ОИВ/ОИТСга чалинганлар ортмоқда

Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олганлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақдаги ахборот кичик минбардан эмас, Сенатда янгради. 

Агар Президент ҳам тасдиқласа, 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб, Ўзбекистонга қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун 1 август куни Сенатнинг 9-ялпи мажлисида муҳокама қилинди ва маъқулланди. 

Сенатор Гулнора Маъруфовага кўра, 2024 йилда 5,1 миллиондан ортиқ фуқаро ОИВ/ОИТСга текширилган ва уларнинг 3903 нафарида ушбу касаллик аниқланган. Узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган 1,7 млн фуқаронинг фақат 434 минги ёки 25 фоизи ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган ва 1512 нафарида ушбу вирус аниқланган. Бу рақам эса 2023 йилга нисбатан 19 фоизга ўсишни тасдиқламоқда. 

Шунингдек, ўтган йилда 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган ҳамда уларнинг 81 нафари шу касалликка чалингани аниқланган. Меҳнат мигрантлари орасида аниқланаётган ҳолатлар ўтган йилга нисбатан 23,7 фоизга ошган. 

Кўплаб мамлакатларда, айниқса, постсовет ҳудудида ОИВ ва ОИТС инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар нафақат шахсий даражада, балки мамлакатнинг расмий статистик маълумотларида ҳам яширилади, камайтириб кўрсатилади. Ўзбекистондаги статистика эса қандай таҳлилларга кўра юритилиши ҳамон мавҳум. Аммо сенатор Маъруфованинг айтишича, 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ОИВ билан яшовчи 51 минг 87 нафар шахс расман рўйхатга олинган. Сенаторга кўра, ОИВ/ОИТС Ўзбекистонда асосан жинсий йўллар орқали юқмоқда.

Дунёнинг манаман деган давлатларида ОИВ ва ОИТС инфекциясининг юқиш йўллари, яъни одамлар уни қаерда орттириб олаётгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Лекин ўзбекистонлик сенатор ОИВ юқиш йўллари ҳақидаги таҳлиллар деганда айнан қайси ташкилот томонидан ўтказилган таҳлилларни назарда тутмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу таҳлилларни тасдиқлайдими? Қолаверса, Гулнора Маъруфова ўз нутқида айнан қайси мамлакатлардан келган ўзбекистонликлар ва қайси мамлакатдан меҳмон бўлиб келган чет элликларда бу касалликлар аниқланганини ошкор этмаган. 

Қонун билан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилади. 

Ҳужжат билан ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шу ўринда масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратсак: коронавирус инфекцияси авж олган паллани эслайлик. Ўшанда ҳам хорижга чиқиш ва Ўзбекистонга киришда Ковид тестлари талаб қилинган ва манфий натижа бўлган тақдирдагина Ўзбекистонга киришга ёки чиқишга рухсат берилган эди. Энди виждонимизни ўртага қўйиб айтайлик-чи, бу тестлар ҳаққоний бўлдими? Қанча одам ҳақиқатан ҳам тест топшириб, бу ҳужжатларни сохталаштирмай ёки ковид таҳлилларини амалга оширувчи лабораториялар билан панада келишмай, иш тутди? Ҳар ҳолда, Тошкентдаги лабораториялар хорижий мамлакатларга чиқаётган ўзбекистонликларга сохта ковид манфий натижалар маълумотномасини қилиб берганини унутганимиз йўқ. Вакцина-чи? Вакцина олганлар ҳам рақамлардагидекмиди? Ковид вакцинаси билан сертификатлар ҳам бутун дунёда тижоратга айланиб кетди. Айни шу шароитда Ўзбекистондаги навбатдаги коррупция эшиклари очиб берилмаётгани, давлат номи билан янги тиббий тижорат бошланмаётганига ким кафолат беради? Камида 4 миллион фуқароси чет элда бўлиб турган Ўзбекистон учун бундай таҳлилни ўтказиш арзонга тушмайди. Агар ушбу фуқароларнинг тенг ярми йилига бир марта Ўзбекистонга келган тақдирда бу икки миллион таҳлил дегани. Агар таҳлил нархини ўртача 150 минг сўмдан ҳисобланган тақдирда ҳам 2 миллион фуқаро учун тест кичик маблағ бўлмайди. Бу энг содда рақам. Хўш, бюджетга бу юк керакми? 

Рўзғор ва кредит дардидаги ўзбегим

Маълумки, июль ойидан Ўзбекистонда пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилди. 1 августдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилди. Анъанага кўра, одамлар ошган пенсияси, нафақа пули ва маошини олмай туриб, бозорларда нархларда катта силжишлар кузатилди. Ойлик ва нафақанинг ошиши 10 фоиз бўлса, бозордаги маҳсулотлар, айниқса, рўзғорда ишлатиладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, айтайлик, гўштнинг нархи одамларнинг даромадига нисбатан кундан-кунга қимматлаб бораётгани эътирозларни келтириб чиқармоқда. 

Ўтган ой якунлари бўйича Миллий статистика қўмита берган маълумотларга таянилса, мамлакатда мол гўшти нархи ҳудудлар кесимида 90 мингдан 106 минг сўмгача бўлганини кўриш мумкин. Бироқ, Қўмита бу ахборотни беришда айнан қайси бозордаги ва қандай сифатдаги маҳсулотларга ишора қилганини билиш қийин. Аммо реал ҳолатда бозорларда мол гўшт нархи 160 минг сўмга чиққан. Тармоқларда эса сифатсиз гўшт маҳсулотлари билан боғлиқ тарқалган гап-сўзлар, масалан мол гўшти ўрнида эшак гўшти пулланаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан одамларнинг бозор расталаридаги текширилмаган ва арзон гўшт маҳсулотларидан иҳлоси қайтган. 

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда иш ҳақи ўртача 5 млн 982 минг сўмни ташкил қилган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоиздан кўпроққа ошган.

Энг кўп маош оладиганлар пойтахтда ва у ўртача 10 миллион сўмни ташкил этмоқда. Саноат корхоналарига бой бўлган Навоий вилояти эса 7 миллион 480 минг қиймат билан иккинчи ўринни эгаллаган. Тошкент вилояти 5 миллион 670 минг ойлик билан учинчи ўринда бормоқда. Қашқадарёда эса ўртача маош мамлакат бўйлаб паст даражада ва 4 миллион 100 ни ташкил этмоқда.  

Молиячилар ва суғурта тизимида ишлайдиганлар ўртача 16 миллиондан ортиқ маош олади. Ахборот ва алоқа соҳаси ҳам етакчилар қаторида – бу ерда маош 14 миллиондан юқори. Энг катта маош эса дастурчиларда – 19 миллиондан ортиқ.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ишлайдиганлар ўртача 3,6 миллион сўм маош олаётгани айтилган. Олий ўқув юртларида ишловчилар 9,5 миллион атрофида олса, боғчаларда бу рақам бор-йўғи 2 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишларида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн сўмни ташкил этмоқда.

Статистик маълумотларда ойлик маошлар бир йилда 17 фоизга ошгани қайд этилган бўлса-да, реал вазиятда бозордаги нархлар ойлик ошишига нисбатан номутаносиб равишда ўсиб бораётгани, айниқса, аҳолининг асосий даромади коммунал тўловлар ва ейиш-ичишдан ортмаётгани айтилмоқда. 

Марказий банкнинг жорий йил июнь ойида берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кредит олганларнинг 40 фоизи ойлик даромадининг 50 фоизидан кўпроғини кредит тўлашга сарфламоқда. Бир нечта кредит мажбуриятига эга бўлган қарз олувчилар улушининг ортиб бориши аҳоли қарз юки билан боғлиқ хавотирларни оширмоқда. Бундан англашиладики, одамлар бир кредити қарздорлигидан узилмай туриб, иккинчисини олмоқда. 

Марказий банкка кўра, Микроқарз олувчилар бўйича қарз юки даражаси ошиб бормоқда. Ипотека кредити олган жисмоний шахсларнинг бешдан бир қисми эса даромадларини асосий қисмини қарз мажбуриятларини қоплашга сарфламоқда.

Ўтган ой охирида Марказий банк томонидан ўтказилган нақд пул муомаласининг ташкил этилиши, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар ҳолати юзасидан ўтказилган сўровномада Ўзбекистонда аҳолининг учдан бирида пул жамғармаси йўқлиги маълум бўлди. Ўзбекона айтадиган бўлсак, қора кунга деб ярим тийин ҳам ташлаб қўймаган. 

14 мингдан ортиқ респондент иштирок этган онлайн сўровномада иштирокчиларнинг 23 фоизи жамғармаларини ўзида – нақд пул шаклида ва яна шунча қисми банк карталарида, шунингдек 20 фоизи банклардаги омонат ҳисобварақларда сақлашини билдирган бўлса, 34 фоизи жамғармаси умуман мавжуд эмаслигини қайд этган. Қаердан ҳам жамғарсин, ахир?! Энди бир сўм четга ташлаймай деса, ҳали у нарсанинг нархи ошади, ҳали бу хизматга устама қўшилади. Болалар касал бўлса, дорихонага кирсанг, нарх-наводан муздек тер босса одамни. 

Майли, гапни чўзмай, бу ҳафта берилган ва агар ҳақиқатдан амалга оширилса, қувончли хабарга тўхталай: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026-2028 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ҳар йилги инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб борилиши ваъда қилинди. Агар инфляция миқдори пасайтириб кўрсатилмаса, бозордаги реал вазиятга мос бўлса, бу албатта, қувонарли, лекин бугунгача берилган бундай ваъдалардан келиб чиқилса, бу гаплар ҳам бироз ҳавойидек кўринади. 

Агар ўтган йиллардаги ваъдаларни эслайдиган бўлсак, 2025-2027 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда ижтимоий тўловларни инфляциядан кам бўлмаган миқдорда индексация қилиш назарда тутилган эди. Хўш, сизнингча, шундай бўлдими? 

Ҳисоб-китобларга кўра, бюджет ходимлари маошининг ҳар бир 1 фоизлик ошиши 2026 йилда давлат бюджетига 1,67 трлн сўмга тушади. Пенсияларни шунча миқдорга ошириш эса 861 млрд сўмни ташкил қилади. Агар ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 10% га кўпайса, бюджет харажатлари қарийб 1,6 трлн сўмга ортиши кутилмоқда.

Агаларовлар Чорвоқни эгаллайдиган бўлди?

Озарбайжон Президентининг собиқ куёви Эмин Агаларовнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чорвоқ” сув омбори соҳилини эгаллаши кутилаётган туристик лойиҳаси “Sea Breeze Uzbekistan” жамоатчилик, экофаоллар, оммавий ахборот воситалари томонидан қаршиликларга қарамай, қурилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси юзасидан алоҳида қарор қабул қилиши ушбу лойиҳа бўйича эскпертиза натижалари ва Қурилиш вазирлигининг хулосалари қандай бўлишидан қатъи назар у иншо этилишини англатмайдими, сизнингча? 

Гап шундаки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг маълум қилишича, “Sea Breeze Uzbekistan” қурилиши бўйича Ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда ва унда лойиҳа эгалари олдига қатор шартлар қўйилмоқда. Қарор омма учун очиқ бўладими ё у идоравий аҳамиятга молик бўлиб, ёпиқ қарор сифатида қабул қилинадими, ҳозирча маълум эмас. 

Пойтахтни ичимлик суви билан таъминловчи Чорвоқ сув омборига қурилаётган лойиҳалардан кирланган сув тушиши фаоллар орасида эътирозларни келтириб чиқараётган эди. Ҳужжатда Чорвоқ ва Чирчиқ дарёсига сув тушмаслиги талаби қўйилмоқда. Инвестор ушбу лойиҳа учун сувни қайта ишлайдиган ва яна ўзига ишлатадиган замонавий тизим яратади, бу борада харажатлар тўлиқ инвестор ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳукумат қарорида агар қоидалар бузилса ва Чорвоққа бир томчи сув туширилса ҳам, лойиҳа қурилиши тўхтатилиши ҳамда инвестиция шартномаси бекор қилиниб, ер олиб қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура дастлабки лойиҳа ечимларидан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларнинг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлашга масъул бўлади.

Тугаётган ҳафтада эса “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси барпо этилгудек бўлса, Чорвоқ суви ифлосланиши, экологияга жиддий зарар етиши, қолаверса, сув омбори техноген фалокатлар хавфи остида қолиши ҳақидаги эътирозларга қўшимча равишда, унинг сув омбори бўйидаги эски маргимуш қабристони номини олган маргимуш кимёвий моддаси кўмилган ҳудудда қурилаётгани сув омборидаги, ушбу ҳудуддан сизиб чиқадиган сув Тошкент ва Тошкент вилоятига етиб борадиган сувни заҳарлаши кун тартибига чиқди. 

“Озодлик” ушбу масалада тайёрлаган лавҳасида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 февралдаги “2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорини келтирган. Ҳужжат билан туманнинг “Яккатут” маҳалласида жойлашган маргимуш қабристонини реконструкция қилиш учун маҳаллий бюджетдан 5 млрд сўм пул ажратилган. 

Баён этилишича, маргимуш қабристони Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йилнинг 15 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар кўмилган ҳамда сақланаётган махсус объектлар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси тасарруфига ўтказилган. Маргимуш қабристонини консервация қилиш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унинг умумий қиймати 4,1 миллиард сўм этиб белгиланган. Айбловга кўра, давлат буюджетидан белгиланган миқдордаги маблағ ажратилган бўлса-да, ҳозиргача консервация ишлари бошланмаган. Аммо Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ушбу айбловларни рад этиб, объект доимий назоратга олингани ва тарқатилган ахборот асоссиз эканини билдирди. Агентлик ўзи асоссиз деб рад этган фактларга қарши бирор асос, аниқ ҳужжат, амалга оширилган ишларнинг сметаларига оид маълумотлар, йиллар кесимидаги ишлар ҳисоботларини тақдим этмаган. 

“Маргимуш объектининг атроф-муҳит ҳамда аҳолига салбий таъсирига чек қўйилган. Ҳудуд атрофи бетон тўсиқли деворлар билан ўраб, консервация қилинган ҳамда ҳудуд бўйлаб сим ёғочлар ўрнатилган. Шунингдек, объектнинг устки қисмига тоза инерт тупроқ ётқизилган ва девор қисмига ёмғир ва оқова сувларини ҳамда нам массани ўтказмаслик мақсадида бурғулаш (тешиш) ишлари амалга оширилган.  

Қолаверса, ҳудудда ҳар чоракда режавий сув, тупроқ намуналари олиниб, назорат мониторинг тадбирлари ўтказилади”, дейди Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги.

Хўш, тупроқдан охирги намуналар қачон олинган? Айни вақтдаги вазият қандай? 2021 йилда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев айтганидек, маргимуш қабристонидан сизиб чиққан сувлар, хусусан ёмғир ва сел сувлари Хўжаобод сойи, Кўксув дарёси, кейин эса Чорвоқ сув омборигача тушиш хавфи қай даражада? Ҳозирча бу саволлар очиқ қолмоқда. 

Эмин Агаларовга келсак, у аллақачон ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси қурилиши бошланганини эълон қилган. Ҳатто, Тошкентда сотув офиси ҳам очилган. Бироқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қурилиш ҳали бошланмагани, ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини, сотув офиси эса Бакудаги лойиҳанинг сотуви билан шуғулланаётганини айтмоқда. 

Эмин Агаларов эса бу орада Тошкентга серқатнов бўлиб қолган. У 2024 йилнинг 16 декабрь  ва 2025 йилнинг 14 апрель кунлари лойиҳасини Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этди. 2 июль куни Мирзиёев Озарбайжонга ташрифи чоғида Эмин Агаларов бошчилигидаги “Sea Breeze Baku” мажмуаси фаолияти билан танишди. 

Боқиманда энергетика

Ўзбекистонликлар шундоқ ҳам қиммат нархларда сотиб олаётган ва нархлари ўсишда давом этаётган энерго ресурсларни субсидиялаш, яъни давлат бюджетидан пул ажратиш 2028 йилда ҳам давом этади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026-2028 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда аҳоли учун паст нархда етказилган газ ва электр энергияси учун давлат бюджетидан субсидия тўлаб келиниши белгиланган. 

Қолаверса, жамоат транспортида аҳолини ташиш харажатларининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаши айтилган. Стратегияга кўра, энергоресурслар ва транспорт зарарларини қоплаш учун 15,3 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган бўлиб, ундан 7 трлн сўми табиий газ учун ажратилади. Келаси йилда газга 5,9 трлн сўм, 2027 йилда 5,5 трлн сўм, 2028 йилда 5 трлн сўм субсидия берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун нархлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилиши белгиланган эди. Аммо… Қарор кучга киришидан бир кун олдин – 2025 йилнинг 31 март куни Вазирлар Маҳкамаси яна бир қарор қабул қилди ва энди электр ва газ нархи ҳар йили ошадиган бўлди! Яъни, электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланди. 

Нархлар ошиб боришига қарамай, соҳани субсидиялаш 2028 йилда ҳам тўхтамайди. Ҳолбуки, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, давлат бюджетидан субсидиялаш 2025-2026 йилларда давом этиши, 2027 йилда кескин камайиши, 2028 йилда эса буткул тўхтатилишини айтган эди. 

Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан бозордаги нархнинг кескин ортиши бош мақсади соҳани давлат бюджетидан субсидиялашни тўхтатиш бўлгани, аммо бундан воз кечиш масаласи унутилганини айтмоқда. Бу эса Энергетиклар ҳам хўрдани, ҳам бўрдани тенг ураётгани сифатида баҳоланмоқда. 

“Кўраяпмизки, ўзбекистонликларни икки карра талаш каналига (чўнтакдан ва бюджетдан) айланиб қолган энергосубсидиялашдан 2028 йилда ҳам воз кечишмоқчи эмас. Бу худди тарифларни оширишни 3 йилга тўхтатиш қоидасини унутиб, оширишда давом этишни эълон қилиш сингари. Айтилаверади, қайтилаверди. Биринчи марта эмас-ку.

Буям майли. Энди энергосубсидияларни ижтимоий соҳа таркибига қўшиб юборишга қарор қилинган. Бу қип-қизил иккиюзламачилик”, дейди иқтисодчи блогер Отабек Бакиров. 

Газ ва “свет” нархининг ошиб бориши, субсиядалашнинг давом этиши бу икки ресурснинг аҳоли уйларига етказиб берилиши сифатини оширгани йўқ. Аксинча, авваллари вилоятларда газ ва “свет” билан боғлиқ муаммолар ҳақида мурожаатлар тез-тез қулоққа чалинса, бугун пойтахт марказида ҳам 8-10 соатлаб чироқ бўлмаслиги одатий ҳолга айланиб қолган. Одамлар эса “ислоҳотлар” деб аталган энергетикадаги қиммат нарх билан ташланган қадамлар натижаси шу бўлса керак, деган фикрда. 

Июль ойида Ўзбекистонда, хусусан пойтахт Тошкентда кузатилган жазирамага электр станциялари бардош бера олмади. Нафақат электр энергияси етказиб бериш сифати, яъни миқдор озайди, балки боя айтганимдек, соатлаб ўчириб қўйиш ҳолатлари кузатилди. Бу борада Олмазор тумани пешқадам бўлди, туманда арз-дод ортгандан ортди. Жорий ҳафтада Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова Тошкентда тез-тез электр энергияси узилаётгани юзасидан изоҳ сўраб, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга сенаторлик сўрови юборди.

“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасига (электр энергияси истеъмолчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) кўра, электр энергияси истеъмолчилари сифатли ва барқарор электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ушбу қонуннинг 61-моддасида (электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш) таъкидланишича, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақатгина бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин.

Хўш, Жўрабек Мирзамаҳмудов сенатор сўровига қандай важ билан жавоб қайтаради? Кузатамиз. 

Администрация кордидорларида янгилар

Президент Администрациясининг собиқ мулозими, ҳозирда Администрация раҳбари Саида Мирзиёеванинг жамоатчилик асосидаги мустақил маслаҳатчиси Комил Алламжоновга 2024 йил 26 октябрь куни амалга оширилган суиқасддан кўп ўтмай, тўғрироғи 28 кундан кейин сабаблари маълум қилинмаган ҳолда лавозимидан озод этилган ДХХнинг собиқ раиси Абдусалом Азизов Президентнинг Вакиллик органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. 

2024 йилнинг 5 декабридан буён Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимида ишлаб келаётган Музаффар Комилов эса яна Президент Администрациясига қайтди ва худди Азизов каби Президентнинг Вакиллик органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида иш бошлади. 

2017 йилдан 2023 йилгача Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган Жавлон Ваҳобов Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Шу йилнинг март ойида 7,5 йиллик бошқарувдан сўнг Ички ишлар вазири лавозимидан олинган Пўлат Бобожонов Президент Администрациясининг янги таркибида Кадрлар бўйича маслаҳатчи ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Умумий ҳисобда тугаётган ҳафтада Президент Администрациясида 22 та янги тайинлов амалга оширилди. Тайинлов ҳужжатлари янги, лавозимларнинг номланиши ҳам ўзгарган бўлса-да, тайинланганларнинг асосий қисми аввалдан Администрация коридорларида кўриниш берганлар. Масалан Бобожонов ва Азизов ИИВ ва ДХХдан кетганидан буён Администрацияда ва янги тайинлов билан уларнинг лавозимлари номланиши ўзгарди, холос. 

Июль ойи ўртасида Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган Ҳилола Умаровадан бўш қолган ўринга ҳам тугаётган ҳафтада эга топилди. Эъзозхон Каримова Мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида Парламент тасдиғидан ўтди. Шу тариқа у Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида таълим тизимида раҳбарлик лавозимини эгаллаган бешинчи вазир бўлди. 

902 ўзбек Путин армиясида уруш қиляпти

Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. 

Унда билдирилишича, Россия аввалгидек, асосан мигрантларни юқори маошли иш билан алдаб жалб қилмоқда – уларга қурилишда ёки армиянинг орқа бўлинмаларида иш ваъда қилмоқда. 

Энг катта рағбат сифатида Россия фуқаролигини бериш ваъдаси илгари сурилади. Шу билан бирга, Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган шахслар ҳам таҳдид ва психологик босим остида урушга мажбурлаб юборилмоқда. 

Лойиҳага кўра, айрим ҳолларда янги мигрантлар “шантаж” йўли билан шартнома имзолашга мажбурланган. 

“Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин яқинда 5 мингдан ортиқ рейдлар ўтказилганини, улар натижасида 90 минг киши “тутиб олингани”, улардан 30 минг нафари шартнома имзолаб, урушга юборилгани билан мақтанган. “Тутиб олдик” сўзлари Россияда марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабатни аниқ ифодалайди”, дейилади хабарда. 

Бугунги кунда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида 33 давлат фуқаролари асирга тушган. Уларнинг энг кўпи Ўзбекистон фуқаролари. Бироқ бу масалада Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Ташқи миграция агентлиги ҳам миқ этмай келмоқда. 

Лойиҳа жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси Россиянинг Курск вилоятидаги полигонга ташриф буюрганини хавотир билан тилга олган. 

“Делегацияга полковник Алишер Норбоев раҳбарлик қилган ва уларга Ленинград ҳарбий округи аскарларининг жанговар тайёргарлик элементлари бўйича маълумот берилган. Бу ташриф фақат расмий характерга эга бўлишига умид билдирилмоқда, акс ҳолда Россия армияси томонидан ўзбекистонлик ёлланма аскарлар тайёрланаётган масканларга борилгани ҳақидаги хавотир кучаяди”, дейилади “Яшашни хоҳлайман” лойиҳасида. 

Урғуланишича, урушга жалб қилинаётган мигрантларнинг Россия жамиятидаги мақоми ўзгармаган – улар империя манфаатлари йўлида ҳаётини йўқотишга мажбурланмоқда. Ҳукумат ҳам бу масаланинг нақадар хавфли эканини чуқур англаб, ўз фуқароларининг ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўриши зарур.

Россияда шу кунларда мигрантларга нисбатан чекловлар, қатъий қоидалар ва куракда турмайдиган талаблар ортиб бормоқда. Президент Владимир Путин 31 июль куни янги давлат божхона тўловларини жорий этиш ва мавжудларини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади. 

Унга кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаси нархи 2-3 минг рубль ўрнига 4-6 минг рубль бўлади, автомобилни рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамини олиш эса 2 минг рубль ўрнига 3 минг рублга тушади. Транспорт воситаси паспортини (ПТС) олиш учун тўлов 800 рубль ўрнига 1,2 минг рубль этиб белгиланган. Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси учун тўлов эса 1,6 минг рубль ўрнига 3,2 минг рубль бўлади.

Шунингдек, ҳужжатда мигрантларни вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун 500 рубль миқдорида давлат божи жорий этилиши белгиланган. Мигрантларга патент бериш ёки уни қайта расмийлаштириш бўйича тўлов эса 4,2 минг рублни ташкил этади. Хорижликларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун бож 430 рубль ўрнига минг рублгача оширилади.

Санкт-Петербургда эса таксопаркларга патент асосида фаолият юритадиган чет элликларни ишга олиш тақиқланди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, айнан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини. 

Тақиқ “Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунининг 18.1-моддаси 6-бандига мувофиқ, айнан “енгил автомобиллар таксиси ва ҳайдовчиси билан ижарага олинган енгил автомобиллар” соҳасига нисбатан жорий йил охиригача жорий этилган.

Шаҳар губернатори қарорида айтилишича, ҳужжат таксичилик соҳасида хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда Россия Федерацияси фуқаролари учун қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган. Амалдаги меҳнат муносабатларини якунлаш ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун янги ходимларни жалб қилиш имконини берувчи 3 ойлик ўтиш даври назарда тутилган.

Россияда чет эл фуқаросининг патенти – бу мамлакат ҳудудида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир. Уни Россия билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари расмийлаштириши лозим. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, масалан Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлар фуқароларига бундай талаб қўйилмайди. Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова, Грузия эса бундай имкониятдан мосуво. 

Тошкентда ота ўз қизининг номусига тегди

Тошкент вилояти туманларидан бирида ота ўз қизига зўравонлик қилгани аниқланди. Ҳолат қачон содир бўлгани ва бошқа тафсилотлари аниқ эмас. Воқеа оиланнинг ижтимоий мақомини белгилаш ва эҳтиёжмандлар рўйхатига киритиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ходими хизмат кўрсатиш доирасида ушбу оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказишга юборганида фош бўлди. Айнан шу кўрик қизалоқ аввал гапира олмаган воқеаларни очиқлашга, бу эса расмий тергов жараёнини бошлашга асос бўлган.

Қизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у вақтинча оилавий болалар уйига жойлаштирилди. Комплекс баҳолаш натижасида эса онаси қаромоғига топширилди. 

24 июль куни ўтган суд қарорига кўра, эркак ўз фарзандига нисбатан оғир жиноят содир этганликда айбдор, деб топилди. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 3-қисми, “а”, “б”, “э” бандлари асосида 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш борасида ташланаётган муҳим қадам бор. Энди болаларга нисбатан зўравонлик қилган ота-оналардан уларнинг болалари олиб қўйилиши мумкин. Бу жорий йилнинг 14 июль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор билан ишлаб чиқилган Низомда белгиланган. 

Ушбу низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари “Инсон” марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилиши мумкин. 

Хавф даражаси “юқори” деб баҳоланганда, ички ишлар органи:

  • зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
  • болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;
  • болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.

Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, “Инсон” маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календарь кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади. Унинг натижаларига кўра, 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.

Болаларга нисбатан зўравонлик содир ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга: 

  • тузатиш дастуридан ўтиш;
  • болаларини олиб қўйиш;
  • ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
  • мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш таъсир чоралари қўлланиши мумкин.

Бироқ бу – Низом, холос. Ундан катта натижа кутишга ҳозирча эрта. Кўрамиз, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бу баландпарвоз режаларни қандай амалга оширади. Агар кимнидир ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, болаларни олиб қўйиш керак бўлса, ҳолатларни узоқданмас, дўкон, кўнгочар марказлар, ресторанлар, концерт заллари, боғлар, чорраҳаларда тиланчилик қилаётган болалардан бошлаш керак. Тунда ярмигача кўчада сарсон бўлиб, пул сўраб юрган болаларни кўрмаётган бўлишлари мумкин эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Тошкент Россия нафақа Шавкат Мирзиёев Абдусалом Азизов ДХХ Ўзбекистон Озарбайжон Ниғматилла Йўлдошев Олмазор тумани Путин ОИВ Комил Алламжонов Украина кредит уруш Саида Мирзиёева пенсия ОИТС Газ энергетика Чорвоқ Эмин Агаларов Ҳилола Умарова Музаффар Комилов Жавлон Ваҳобов Хочу жить СПИД Гулнора Маъруфова Администрация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг