Исроил Хоманаийни Гитлерга қиёслади

Олам

image

Кеча, 19 июнь куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Эрон Олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳақида кескин баёнот берди ва уни Гитлерга ўхшатди. Бу ҳақда у Эроннинг ракета ҳужумларидан зарар кўрган мамлакат марказидаги Холон шаҳрини кўздан кечираётганида сўз очди.

“Урушнинг мақсади – Эроннинг ядровий таҳдидини бартараф этиш, ҳалокат манбаларини йўқ қилиш ва ракета хавфини нейтраллаштириш. Бу доирада Исроил мудофаа армиясига тегишли кўрсатмалар берилган ва биз аниқ биламизки, бу мақсадларга эришиш учун бу одам энди мавжуд бўлмаслиги керак”, дейди Кац.

“The Times of Israel”нинг ёзишича, у Хоманаийни “замонавий Гитлер” деб атаган. 

“Агар Холокост даврида Гитлер яширинган бункерга етиб бориш имконияти бўлганида, Исроил армияси уни ушлаб, йўқ қилган бўларди. Бугунги ҳолатда ҳам айнан шуни кўряпман – Хоманаий бу замонавий Гитлер”, деган у.

Кацнинг айтишича, Оятуллоҳ Хоманаий Эрон ичида кучли мафкуравий таъсирга эга ва бу таъсирни Исроилни йўқ қилиш мақсадида ишлатмоқда.

“У мавжуд барча ресурсларни, ҳатто ўз халқининг ҳисобидан ҳам, шу мақсадга йўналтирган. Бугун эса биз унинг тўғридан тўғри буйруқлари асосида шифохоналар ва тураржой биноларига зарба берилаётганига гувоҳмиз”, деган у.

Гап кеча, 19 июнь куни Эрон томонидан Беэр-Шевадаги “Сорока” шифохонасига қилинган ракета ҳужуми ҳақида кетмоқда. Кацнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар “тасодиф эмас”, балки “Исроил давлатини йўқ қилиш миссияси”нинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Теҳронга қаттиқ жавоб билан таҳдид қилган.

“Бугун эрталаб эронлик террорчи золимлар Беэр-Шевадаги “Сорока” шифохонаси ва марказий ҳудуддаги тинч аҳолига ракеталар йўллади. Биз Теҳрондаги золимлардан тўлиқ жавобгарликни ундирамиз”, дея ёзган у Х’даги саҳифасида.

Шунингдек, хабарларга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Хоманаийни йўқ қилиш режасига вето қўйган. Нетаньяху эса “Хоманаийни ўлдириш можарони кучайтирмайди, балки якунлайди”, деб баёнот берган эди.

“Iran International” манбаларининг ёзишича, Исроил операцияси бошланганидан сўнг Хоманаий ўз оиласи билан Теҳрон шимоли-шарқидаги бункерга яширинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳудудига янги ракета ҳужумлари уюштирилгани ва улардан бири Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳрида жойлашган “Сорока” номли шифохонага тушгани хабар қилинганди. Кейинроқ эса ушбу ҳужумнинг асл нишони ЦАХАЛ томонидан фойдаланилган Гав-Ям Негев технологик парки бўлгани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гитлер Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил Кац

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг