Исроилни тарк этмоқчи бўлганлар учун имконият яратилди
Олам
−
23 Июнь 5983 2 дақиқа
Исроилда Эрон билан ўзаро зарба алмашуви бошланганидан сўнг мамлакатда қолиб кетган хорижликлар йўлга қўйилган рейслар орқали мамлакатни тарк этишлари мумкин. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазири Мири Регевга таяниб, “The Times of Israel” хабар берди.
Мири Регев бугун, 23 июнь кунидан бошлаб Исроилда қолиб кетган хорижликларга “репатриацион рейслар” орқали мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилишини эълон қилди.
Исроил ҳукумати мамлакатдан ҳаво йўли орқали чиқиб кетишни тақиқлаган эди. Бу чора-тадбирлар аэропортда ҳаддан ташқари гавжумликнинг олдини олиш ва самолётларнинг ерда туриш вақтини имкон қадар қисқартириш мақсадида жорий этилган.
Регевнинг айтишича, 23 июнь куни 24 та репатриацион рейс амалга оширилади ва ҳар бир парвозга 50 нафардан ортиқ бўлмаган йўловчи рухсат этилади.
“Биз аэропортда, айниқса, самолётлар учиш-қўниш йўлагида турган вақтида хавфсизлик нуқтайи назаридан йўловчилар сонини чеклашимиз керак”, деган у.
Регев шунингдек, ҳафта охиригача парвозлар сони ва самолётларда йўловчилар лимитини ошириш имкониятлари кўриб чиқилаётганини айтди. Нашрнинг ёзишича, ҳозирда Исроилда 40 мингдан ортиқ хорижлик турист мавжуд бўлиб, улар ҳали ҳам чекловлар сабабли мамлакатдан чиқиб кета олмаяпти.
Чекланган ўринлар мавжудлиги сабабли биринчи навбатда ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатлар, гуманитар ёрдам ва миллий хавфсизлик билан боғлиқ чиқишларга устуворлик берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўплаб давлатлар Эрон ва Исроилдан фуқароларини авиация, қуруқлик ва денгиз йўллари орқали эвакуация қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси