Мерц Украинага ЕИда махсус мақом беришни таклиф қилди

Олам

image

Германия Федератив Республикаси канцлери Фридрих Мерц Украинага Европа Иттифоқининг ассоциациялашган аъзоси мақомини беришни таклиф қилди. Бу ЕИ институтлари йиғилишларида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этишни англатади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Мерц бундай таклифни Киевнинг Украинани ЕИга қабул қилишни тезлаштириш ҳақидаги талабига жавобан илгари сурган. Хабар қилинишича, Европа Иттифоқининг ассоциациялашган аъзоси мақоми Украинанинг Европа Кенгаши ва ЕИ Кенгаши йиғилишларида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкинлигини назарда тутади.

Бундан ташқари, лойиҳада Европа Комиссиясида портфелсиз ва овоз бериш ҳуқуқисиз ассоциациялашган комиссар роли, Европа Парламентида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ассоциациялашган депутатлар, шунингдек, Европа Судида “маърузачи ёрдамчиси” шаклидаги ассоциациялашган судья лавозими кўзда тутилган.

Германия ҳукумати раҳбарининг мактуби ЕИ Кенгаши раиси Антониу Коштага, Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга ва ЕИ Кенгашида ротация асосида раислик қилаётган Кипр Президенти Никос Христодулидисга йўлланган.

Немис ҳукумати раҳбарининг фикрича, яқин орада мамлакатни ЕИга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш ҳақиқатдан йироқ. Шунга қарамай, у урушаётган давлатни Иттифоқ институтларига кечиктирмасдан янада жипсроқ интеграция қилиш ташаббусини илгари сурган.

Унинг сўзларига кўра, сон-саноқсиз тўсиқлар ва бир қатор аъзо давлатлардаги сиёсий жиҳатдан мураккаб ратификация жараёнлари туфайли аъзоликка қабул қилиш жараёнини қисқа муддатда якунлашнинг имкони йўқ.

Қайд этиш жоиз, йил бошида Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлишни режалаштираётганини ва буни 2027 йилда амалга ошириш ниятида эканлигини баён қилган. У, шунингдек, тинчлик шартномасида иттифоққа аъзо бўлишнинг аниқ санаси кўрсатилишини талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг