Пора билан қўлга тушган ҳоким озодликка чиқарилдими?
3-саҳифа
−
28 Октябрь 11076 3 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда 10 минг доллар пора олаётганда қўлга тушган Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса ушбу маълумотларни рад этиб, собиқ ҳоким айни дамда тергов ҳибсхонасида сақланаётганини билдирди.
Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206- (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209- (мансаб сохтакорлиги), 210- (пора олиш) ва 229-4-моддаларида (ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимида ишлаган Маҳмуд Холбўтаев озод этилгани ҳақида айрим манбаларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 10 июль кунидаги Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажрими билан Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, айни пайтда у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Шунингдек, Маҳмуд Холбўтаевга оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг иш юритувида бўлиб, бугунги кунда ушбу жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун тайинлаш босқичида эканлиги маълум қилинган.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 8 июль куни қўлга олинган эди. У ҳибсда бўлишига қарамасдан ҳоким номидан қарорлар чиқарилгани аниқланди. E-qaror платформасига шундай қарорлардан 5 таси жойлаштирилган.
Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 млн сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 млн сўм ажратиш белгиланган. Ўша кунги яна бир қарор билан эса туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 млн сўм ажратилган.
Шунингдек, 9 июлдаги қарорлар билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 млн сўм, Тоқчилиқ маҳалласи, Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 млн сўм ва Қулписар маҳалласидаги маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 млн сўм, туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, офис техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 млн сўм ажратиш белгиланган.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси расмий муносабат билдириб, Шароф Рашидов тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилган. Тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Live
Барчаси