Путин “дўст бўлмаган” давлатлардан кирувчи қўнғироқларни тақиқлади
Олам
−
10 Декабрь 6958 2 дақиқа
Россия ҳукумати нодўстона давлатлардан келаётган қўнғироқларни блоклашни жорий этмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 9 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (СПЧ) аъзолари билан учрашувда сўз очди.
У видеоконференцалоқа шаклида чиқиш қилар экан, СПЧ илгари таклиф қилган “телефон ва интернет фирибгарлигига қарши кураш доирасидаги аниқ қарорлар” қаторида “жиноят мақсадида амалга оширилаётган нодўстона давлатлар ҳудудидан қўнғироқларни блоклаш”, шунингдек, уларни белгилашни санаб ўтган. Путиннинг айтишича, бу таклифларнинг барчаси “ҳукумат томонидан инобатга олинган ва амалга жорий этилмоқда”.
Унинг сўзларига кўра, фуқароларни рақамли муҳитда ҳимоя қилиш бўйича биринчи пакет чоралар аллақачон қабул қилинган, иккинчи пакет ишлаб чиқилган ва муҳокама ҳамда келишувдан ўтмоқда, яқин режаларда эса учинчи пакет бор.
Шу куни Россия ҳукумат аппарати раҳбари – вице-премьер Дмитрий Григоренко ҳам ҳукумат томонидан тайёрланган “фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш бўйича” иккинчи пакет ҳақида журналистларга маълумот бериб, худди шу чораларни тилга олган.
Унинг айтишича, 20 га яқин ташаббус ичида абонентнинг розилигисиз халқаро кирувчи қўнғироқларни тақиқлаш ва уларни мажбурий маркировка қилиш режалаштирилган. Шунингдек, “болалар учун SIM-карталар” жорий этилиши кутилмоқда – улар орқали ота-оналар қўшимча аризаларсиз фарзандларини “исталмаган контент”дан ҳимоя қила олади.
Сўнгги ойлар ичида давлат томонидан тарғиб қилинаётган Max мессенжери фонида Россия ҳукумати мессенжерлар ва бошқа онлайн-сервислар, шунингдек, телефон алоқаси фаолиятига оид қатор чекловларни изчил кучайтириб бормоқда. Август ойида Россияда WhatsApp ва Telegram’да қўнғироқлар чекланган эди. Шундан сўнг, Давлат думаси фирибгарлар гўёки стационар (уй) телефонларга ўтгани ҳақида баёнот бериб, стационар телефонларда халқаро алоқани блоклаш ғоясини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Декабрь бошида Apple’нинг FaceTime видеоқўнғироқлар сервисини блоклангани маълум бўлди, бунга сабаб сифатида уни “жиноят мақсадларида ишлатилаётгани” кўрсатилди. Ноябрь ойида эса Россия рақамли ривожланиш вазирлиги хориждан қайтаётган фуқароларга бир суткага мобил интернет ва SMS жўнатишни блоклашини маълум қилган эди.
Россия ҳукумати назарида нодўстона давлатлар рўйхатининг сўнгги версиясида 47 давлат ва ҳудуд бор. Улар орасида Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Норвегия, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Жанубий Корея, Украина ва Черногория мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роскомнадзор) мамлакатда Snapchat мессенжерини блоклаганди.
Live
Барчаси