Расман: “Санжик” гиёҳванд моддалар истеъмол қилганини тан олди

3-саҳифа

image

“Real Sanjik” номи билан танилган тадбиркор ва блогер Санжар Каримов гиёҳванд моддалар истеъмол қилганини тан олди. У бу ҳақда бугун, 24 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги очиқ суд жараёнида айтиб ўтди. 

Аввал хабар берганимиздек, Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Навбатдаги суд мажлисида 2025 йил 27 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган кечиктириб бўлмас тинтувда иштирок этган гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Тезкор тадбир давомида иш ҳужжатларида қайд этилмаган, Санжар Каримовга тегишли бўлган бошқа уй-жойлар ҳам рухсатсиз тинтув қилингани маълум бўлди.

Тинтув давомида Каримовнинг офис столи тортмасидан “Parliament” тамаки маҳсулоти қутиси ичида полиэтилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли мумсимон модда, турли купюраларга ўралган яшил рангли ўтсимон моддалар, чекиш учун мўлжалланган 0,5 литрли "баклажка" идиши ҳамда хонадон ертўласидаги кийим жавонидан пальто ички чўнтагидаги гугурт қутиси ичида сақланган яшил рангли ўтсимон моддалар топилгани айтилди.

Айбланувчи Санжар Каримов ушбу моддалар марҳум отасига тегишли бўлганини билдирди. Унинг айтишича, отаси АҚШ фуқароси бўлган ва умрининг сўнгги икки йилини Ўзбекистонда оиласи ҳамда ўғли билан бирга ўтказган. Шунингдек, у отаси билан биргаликда мазкур офисни бошқаргани, туташ хонадонда отаси яшаганини ҳам қайд этди. Каримовнинг сўзларига кўра, отаси саломатлиги ёмонлашгани сабабли ушбу моддаларни истеъмол қилган.

Санжар Каримов отасининг вафотидан кейин руҳий тушкунлик ҳолатида "баклажка" орқали икки марта гиёҳвандлик моддасини якка ўзи истеъмол қилганини, бироқ ушбу моддаларни сотиш ёки тарқатиш мақсадида сақламаганини, бу шунчаки отасидан қолган мерос эканини айтди.

“Жаноб судья бу моддалар марҳум отамга тегишли эди. Отам кексалиги туфайли, оғриқларини қолдириш мақсадида чекиб турарди. Отам вафотидан кейин сиқилганда икки марта чекиб кўрганман, тан оламан, лекин сотиш ёки тарқатиш ниятим бўлмаган, бу отамдан қолган мерос. Мен катта тадбиркорман, бундай ишлар билан шуғулланишга ор қиламан”, дея изоҳ берди Каримов.

QALAMPIR.UZ тез орада ушбу суд мажлисидан батафсил видеорепортажни тақдим этади. Кўрсатувни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Санжар Каримов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг