Россиядан қайтаётган ўзбекистонликлар Қозоғистонда қолиб кетди (видео)
Олам
−
14 Январь 50684 1 дақиқа
Бугун, 14 январь куни Россиядан Қозоғистон орқали ҳаракатланаётган йўловчи автобуси Шимолий Қозоғистон вилоятида жойлашган Мамлютка-Қостанай автомагистралида 30 даража совуқ сабабли носозликка учраб, йўлда қолиб кетди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, “Inbusiness.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, Тюмень-Чимкент йўналишида ҳаракатланаётган автобус техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Оқибатда 18 нафар йўловчи вақтинча йўлда қолиб кетган. Воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган Фавқулодда вазиятлар департаменти ходимлари автобусдаги барча йўловчиларни эвакуация қилган. Уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган.
Эвакуация қилинган йўловчилар яқин атрофда жойлашган иситиш марказига олиб борилган ва вақтинча бошпана ҳамда зарур шароитлар билан таъминланган. Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ҳозирда йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ҳаво ҳудудида Ўзбекистон ва Россия самолётлари тўқнашиб кетишига сал қолгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси