Саркози қамоқдан озод қилинади

Олам

image

Бугун, 10 ноябрь куни Париж апелляция судида бўлиб ўтган мажлисда прокуратура Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини Ла-Санте қамоқхонасидан суд назорати остида озод қилинишини таклиф қилди. Ушбу таклифни суд маъқуллади. Бу ҳақда BFMTV хабар берди.

Прокуратура Саркозига 2007 йилги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаш иши бўйича бошқа фигурантлар билан алоқа қилмасликни шарт сифатида белгилаган. 

Суд мажлисида Франциянинг беш йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ президенти Николя Саркози қамоқ ҳаётини “жуда оғир ва ҳолдан тойдирувчи”, деб атаган ва уни “ҳақиқий даҳшат” сифатида таърифлаган.

“Сиз тасаввур қилолмайсиз, бу қанчалик оғир. Бу жуда оғир, албатта, ҳар бир маҳбус учун. Ҳатто айтишим мумкинки, бу ҳолдан тойдиради… Шунга қарамай, мен қамоқхона ходимларига юксак ҳурмат билдираман. Улар инсонийликни намоён этиб, бу даҳшатни   чидаб бўладиган ҳолга келтиришди”, дейди Саркози суд мажлисида видеоалоқа орқали бўлган нутқида. 

Прокурор Дамьен Брюненинг сўзларига кўра, “тил бириктириш ва гувоҳларни қўрқитиш хавфи мавжуд бўлгани учун суд назорати қонуний ва асосли чорадир”. У апелляция судидан Саркозининг қамоқдан чиқариш ҳақидаги илтимосини қондирилишини сўраган. 

Саркозининг вакили Кристофер Энгрен ҳам судда собиқ президентнинг қамоқда бўлиши хавфсизлик нуқтаи назаридан таҳликали эканини билдирган. Унинг қамоқдан чиқарилиши юзасидан ҳукм Париж апелляция суди томонидан маҳаллий вақт билан 13:30 да (Тошкент вақти билан 17:30 да) эълон қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, Саркозига Париж суди ҳукмни жорий йилнинг сентябрь ойида чиқарган эди. У 2007 йилги сайлов кампаниясини Ливия томонидан молиялаштирилгани учун айбдор деб топилган ва беш йил озодликдан маҳрум этилиб, ҳукм ижроси эса муддатли кечиктирилганди. Амалда у жорий йилнинг 21 октябридан бери қамоқда эди. Собиқ президентга 100 минг евро жарима ва беш йил давомида давлат лавозимларида ишлаш тақиқи ҳам белгиланган.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

суд Париж Саркози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг