Шифохонадаги болалар 4 нафар – Болалар омбудсмани ССВ баёнотини рад этди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган 4 та мактабгача таълим муассасаларида 37 нафар бола оммавий равишда овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот бериб, бугун, 13:02 да эълон қилган маълумотида фақат 2 нафар бола профилактика мақсадида шифокорлар кузатувида қолаётганини маълум қилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ҳам расмий маълумот берди. Қайд этилишича, Болалар омбудсмани Жиззах вилояти Фориш туманида 1,3,5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларида оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича жойига чиққан тарзда мониторинг ўрганишини олиб борган. Ўрганишда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари ҳамда Фориш тумани ҳокими ўринбосари иштирок этган. Болалар саломатлиги бузилиши кузатилган боғчаларнинг барчасида тарбияланувчиларни овқатлантиришга оид белгиланган стандартларга риоя этиш шарт-шароитлари кўздан кечирилган, тегишли ҳужжатлар ўрганилган.

Ўрганиш давомида қатор камчилик ва муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилган. Мазкур вазиятда бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан ваколатли юқори ташкилотларга тегишли таъсир ҳужжати киритилиши белгиланган.

Болалар омбудсмани мониторинг давомида Фориш тумани Тиббиёт бирлашмаси Болалар бўлимида бўлиб, 9-10 октябрь кунлари соғлиғидан шикоят билан мурожаат этган боғча тарбияланувчиларни даволаш жараёни ва ҳолатга оид ҳужжатларни ўрганган.

“Ҳозирда (10 октябрь кечки соат 21:00) туман тиббиёт бирлашмасида 4 нафар бола ( 4-6 ёшдаги 2 нафар қиз, 2 нафар ўғил) шифокорлар кузатувида бўлиб, уларга барча зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.  Болалар аҳволи қониқарли, оғир аҳволдаги беморлар йўқ”, дейилади расмий хабарда.

Юқорида қайд этилганидек, олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида шифохонада қолаётган болалар сони 2 нафар экани келтирилган эди.

Болалар омбудсмани даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан ҳам учрашиб, соғлиғининг ҳозирги аҳволи ва даволаш жараёни ҳақида суҳбатлашган.

Эслатиб ўтамиз, шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида болалар 8 октябрь куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилгани аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах Фориш оммавий заҳарланиш Болалар омбудсмани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг